

- 16 сентябрь куни ОЧЛ2 доирасида Баҳрайнда "Ал Ҳалдия" меҳмони бўласизлар, кейин "Андижон"га қарши сафардаги баҳс кутиб турибди...
- Ҳа, халқаро ўйинлар бошланмоқда. Тақвим бўйича Андижондаги учрашув 19 сентябрь куни бўлиши керак эди, 20 сентябрга кўчирилди. ПФЛга раҳмат бир кун бўлса ҳам ўйинни суриб беришди. Тиғиз тақвимга тайёр тураверишимиз керак. Раҳбарият ҳам бизга катта ёрдам бермоқда, тўғри биз чартер рейс қилолмаймиз, лекин бошқа давлатга имкон қадар тез бориб қайтиш учун шароитлар қилинмоқда.
- Осиё ўйинлари ФИФА кунларида бўлмайди. "Насаф"дан бирйўла 5 нафар футболчи олиб кетилди. ОЧЛ 2 бошланмоқда, Суперлигада мусобақа жадвалида 7-ўриндасизлар. Шундай бўлса ҳам шогирдларингизни қўйиб юбордингиз...
- Эсингизда бўлса, 2 йилча олдин матбуот анжуманларидан бирида Олимпия терма жамоасида "Насаф" футболчилари деярли қолмади бу камчиликни тўғрилашимиз керак дегандим. Мана ҳозирга келиб 5 футболчи термага чақирилди. Равшан Ҳайдаров билан доимо алоқадамиз ва мана шу ўйинчилар бизга керак дейишгани учун қўйиб юбордик. Терма жамоаларда "Насаф" футболчилари қанча кўп бўлса, шунча яхши, ўзлари учун ҳам тажриба олишади.



