"Реал" президентлигига номзод Рикельме Моуринью ҳақида: "Мадридда Клопп даражасидаги, энг зўр мураббийларни кўришдан хурсанд бўлардим"

Aslanov Jasurbek
27 май 2026, 12:01
"Реал Мадрид" президентлигига номзод Энрике Рикельме жамоанинг янги бош мураббийи борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Сиз президент этиб сайлансангиз, Жозе Моуринью бош мураббийликка номзод бўлиши мумкинми?
– У инсон ҳақида бир нима дея олмайман, чунки унинг [Перес билан] ҳақиқатдан ҳам алоқаси бор-йўқлигини билмайман. Менинг лойиҳам бутунлай бошқача, шу сабабли бундай саволларни у билан мулоқотда бўлаётганларга берган маъқул.

– Спорт соҳасига оид бирор бир детални ошкор қила оласизми?
– Биз узоқ муддатли лойиҳага мос келадиган мураббийни тайинлаймиз. "Реал Мадрид" учун танлайдиган номзодимиздан сосьос (клуб аъзолари) жуда ҳам фахрланишади. Бу биринчи кунданоқ одамни руҳлантирадиган, шу билан бирга, аниқ иерархия, ташкилотчилик ва реал бошқарув имкониятларига эга бўлган ҳақиқий профессионал тузилмани яратадиган лойиҳадир.

– Бу инсон илгари "Реал"да ишлаганми?
– Йўқ. "Реал" қисқа муддатли истиқболлар доирасида иш юритишда давом эта олмайди. Ҳозир янги даврга ўтишнинг айни вақти. Албатта, шу пайтгача эришилган ютуқлар эътирофга лойиқ, аммо бизнинг таклифимиз — профессионаллаштириш ва модернизация қилишнинг бошқа модели асосида яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган лойиҳани барпо этишдир.

– Юрген Клопп — реал вариантми?
– Биз жаҳон футболидаги энг яхши мураббийлар, яъни "Реал" каби клубни бошқариш учун зарур бўлган тажриба ва етакчилик фазилатларига эга инсонлар номзодини кўриб чиқяпмиз. Табиийки, шундай калибрдаги мураббийлар жамоани бошқарса, бундан фақат хурсанд бўлардим.

– Аммо айнан Клопп билан вариант мавжудми?
– Ҳозирги босқичда "ҳа" ёки "йўқ" деб айта олмайман. Бу музокаралар билан лойиҳа доирасида ишлаётган спорт мутахассислари шуғулланишмоқда, ҳозирча бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмайман. Яқин кунларда кўрамиз, – дея жавоб берди тадбиркор.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: The Athletic

Сўнгги янгиликлар

Барча ›