Равшан Ҳайдаров: "Вақт масаласида ҳам, иқлим масаласида ҳам муаммолар бўлмайди"

Sherzod Nurmatov
14 сен 2026, 15:05
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинлари олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди.

Турнир олдидан фикрлар:

Осиё ўйинлари — қитъамиз учун жуда катта мусобақа, кўплаб спорт турлари иштирок этадиган кичик Олимпиада ҳисобланади. Барча турнир қатнашчиларига, гуруҳимиздаги рақибларимизга ўзлари олдиларига қўйган мақсадларига эришишларини тилайман.

Ўзбекистон энг сара спортчилари билан мусобақада муносиб иштирок этиш учун ташриф буюрди. Биз ҳам бу нуфузли турнирга йил давомида тайёргарлик олиб бордик. Мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, медаллар учун кураш олиб бориш мақсадида келдик.

Ташкилотчилик ҳақида:

Авваламбор, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Бу каби жуда катта мусобақани қабул қилаётган Японияга раҳмат айтамиз. Ташкилий тарафдан юртингиз ҳар доим мусобақаларни юқори савияда ўтказиб келган. Ўйлайманки, бу турнир ҳам юқори даражада ташкил этилади.

Мослашиш жараёни ҳақида:

Вақт тафовути бўйича мослашиш ишларини Тошкент йиғинидан бошлаганмиз. Япония билан 4 соат фарқимиз бор, шунга яраша футболчиларнинг мослашиш кўникмасини олиб бордик.

Тошкентдаги йиғинимиздан кейин Хитойнинг Далян шаҳрида тайёргарликни давом эттирдик ва назорат учрашувини ўтказдик. У ернинг иқлими ҳам Япония билан ўхшаш ва орадаги вақт фарқи 1 соатни ташкил этади. Ўйлайманки, вақт масаласида ҳам, иқлим масаласида ҳам муаммолар бўлмайди. Футболчиларимиз кўникма ҳосил қилиб бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, U-23 терма жамоамиз мусобақадаги иштирокини 15 сентябрь куни Филиппинга қарши баҳс билан бошлайди. Учрашув Тошкент вақти билан соат 11:30 да Нагояда жойлашган “Minato Soccer Field” майдонида бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати