

Ушбу муҳим старт олдидан сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров Эроннинг Mehr.news нашри журналисти ва эксперти Меҳди Мортазавиан билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатнинг энг муҳим жиҳатларини келтириб ўтамиз.

"Ўзбек клублари бугун ўз тараққиёти ва ўсиши сари жиддий қадамлар ташлаётганига ишончим комил. Агар Ўзбекистон миллий жамоаси шундай юқори даражага кўтарилаётганини кўраётган бўлсак, бунинг асосий сабаби клубларга қаратилаётган эътибордир. Клублар ўз олдига қўйилган мақсадларга эришиши жуда муҳим, чунки бу якунда бош жамоа ва умуман олганда мамлакат футболи ривожига хизмат қилади.
Мисол учун, "Пахтакор"ни олайлик. Улар доимо савияли футболчиларга ва юқори даражадаги истеъдодларга эга бўлиб келишган ҳамда жуда кучли жамоа шакллантира олишган. Эрон сафида катта халқаро тажрибага эга бўлган тажрибали ҳимоячи Мортеза Пурилангажи ўз фаолиятини айнан Ўзбекистонда давом эттиришни танлагани бежиз эмас. Ўзбекистон кундан-кунга тараққий этмоқда ва бу ривожланиш тажрибали футболчиларни ҳам ўзига тортмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, "Пахтакор" ва "Ал-Аҳли" ўртасидаги баҳс ҳал қилувчи ва аҳамиятли учрашув саналади. "Ал-Аҳли" — Осиё футболининг энг юқори чўққиларида кўп йиллик тажриба тўплаган қудратли жамоа, бу эса мазкур тўқнашувни янада жиддий ва қизиқарли қилади.
"Нефтчи" — энг қадимги клублардан бири ва кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда. Ўзбек клублар футболи жуда яхши тараққиётга эришганига ишонаман. Энди бу жамоа "Эйр Форс" каби кучли рақибга қарши баҳс олиб бориши ва жуда рақобатбардош ўйин кўрсатиши керак. Ҳар қандай турнирнинг очилиш ўйини доимо энг муҳим баҳслардан бири ҳисобланади. Агар жамоа мусобақада муваффақият қозонишни истаса, ҳар бир рақибга тўғри муносабат ва қатъият билан ёндашиши шарт", – дейди Меҳди Мортазавиан.
Эслатиб ўтамиз, бугун турнир доирасида "Пахтакор" Жидда шаҳрида "Ал Аҳли" меҳмони бўлса, "Нефтчи" ўз майдонида Ироқнинг "Эйр Форс" жамоаси билан куч синашади.



