

Ушбу янги чора ота-оналар ва томошабинлар томонидан бўладиган босим, ҳақоратлар ҳамда номақбул хатти-ҳаракатларга қарши курашишга қаратилган.
Руминия футбол федерацияси (FRF) ўз расмий сайтида болалар футболидаги ғаройиб янгилик ҳақида маълум қилди. Эндиликда ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда қора карточка қўлланади. Бундан кўзланган асосий мақсад — трибуналардаги ота-оналар ва томошабинлар томонидан болаларга ўтказиладиган босимни максимал даражада камайтириш. FRF болалар учун футбол стресс манбаига айланмай, ҳақиқий ўйин бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
Руминия федерацияси расмий баёнотида янги чоранинг моҳиятини қуйидагича изоҳлади:
“Футбол болалар учун ўйин, қувонч ва соғлом ривожланиш маскани бўлиб қолиши шарт. Ушбу қарор орқали FRF трибунадаги томошабинларнинг номақбул хатти-ҳаракатларини жазолаш учун махсус карточка жорий этган дунёдаги ягона футбол федерациясига айланди”, – дейилади баёнотда.
Шундай қилиб, қора карточка футболчиларга эмас, айнан томошабинларга қаратилади. У болалар ва ўсмирлар ўртасидаги U-7 дан U-16’гача бўлган ёш тоифаларидаги мусобақаларда қўлланиши мумкин. Агар ота-оналар ёки бошқа томошабинлар босим ўтказса, ўйин иштирокчиларини ҳақорат қилса ёки ўзини номуносиб тутса, ҳакамлар ушбу янги таъсир чорасидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Федерация бу болалар футболи атрофида янада соғлом муҳит яратишга ёрдам беришига ишонмоқда.
Болалар баҳсларида ота-оналарнинг ўзини тутиши муаммоси футболда анчадан бери муҳокама қилиб келинади. Ортиқча ҳис-ҳаяжон, трибуналардан янграйдиган бақир-чақирлар ва ёш футболчиларга ўтказиладиган босим болаларнинг ривожланишига ҳамда уларнинг спортга бўлган муносабатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Руминияда бунга қарши алоҳида интизомий чора орқали курашишга қарор қилинди.
FRF айнан томошабинларни жазолаш учун мўлжалланган карточкани жорий этган дунёдаги ягона футбол федерацияси бўлганини алоҳида қайд этди. Бу қарор бошқа мамлакатлар ва футбол ташкилотларининг эътиборини тортиши табиий. Агар ушбу чора ўз самарасини кўрсатса, бошқа болалар ва ўсмирлар турнирларида ҳам шунга ўхшаш механизм муҳокама қилина бошлаши мумкин.



