Расмий хабар: "Истанбул Башакшехир" Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди

Оқил Абдубарноев
22 апр 2026, 16:51
Туркиянинг "Истанбул Башакшехир" клуби Италиянинг "Рома" жамоасидан ижара асосида тўп тепаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг шартномасини тўлиқ сотиб олди.

Истанбулликлар 30 ёшли марказий ҳужумчининг шартномасида кўрсатилган 2,8 миллион евро миқдоридаги сотиб олиш опциясини фаоллаштиришга қарор қилишган бўлиб, унинг айни вақтдаги трансфер қиймати 7 миллион еврога баҳоланмоқда.

Маълумки, Шомуродов 2025 йилнинг ёзида "Рома"дан турк клубига дастлаб сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара асосида келиб қўшилган эди. Жорий мавсумда у Туркия Суперлигасида жуда сермаҳсул ўйин намойиш этиб, муҳим голлар ва узатмалар муаллифига айланди ҳамда мавсумнинг биринчи ярмидаёқ тўпурарлар пойгасида пешқадамлар қаторига киришга улгурди. Ҳамюртимизнинг бу қадар муваффақиятли ва барқарор иштироки клуб раҳбариятини иккиланмасдан трансферни тўлиқ харид қилишга ундади.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродовнинг "Рома" билан амалдаги шартномаси 2027 йилга қадар мўлжалланган эди, бироқ "Башакшехир" уни тўлиқ ўз сафига қўшиб олиш орқали ушбу келишувни муддатидан аввал якунлади. Римликлар сафига қадар эса тажрибали ҳужумчимиз Италия А Сериясида "Женоа", "Специя" ва "Кальяри" каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган.


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Transfermarkt