Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи: "Ўзбекистонни мундиалда чин юрагимдан қўллаб-қувватлайман"

admin
5 июн 2026, 11:28
Яна саноқлик кунлардан сўнг Жаҳон чемпионатига старт берилади.

Унда илк бор иштирок этадиган миллий терма жамоамизнинг дебютини кўриш ва қизғин қўллаб-қувватлашга шай ҳолатда турган бошқа мамлакатлар ва айниқса қўшни қардош юрт вакиллари ҳам бор.

Жумладан, Қозоғистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Талгат Байсуфинов ҳам терма жамоамизни мундиалда кўришдан хурсанд эканлигини яширмади ва бу борада championat.asia сайтига қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

“Қардош Ўзбекистонни ушбу муваффақият билан табриклайман. Айтишим мумкинки, биз Ўзбекистон терма жамоасини мундиалда қўллаб-қувватлаймиз. Терма жамоангизни бундай жаҳон даражасидаги футбол форумида иштирок этиши катта натижа.

Уни ичидаги вазият, қанақа натижалар қайд этилиши, мундиалдаги жараёнлар ҳақида гапириш учун биз аввало ўша муҳитни ичида бўлишимиз керак. Яъни, терма жамоани бўлажак иштироки қандай бўлиши мумкинлиги борасида бирор фикр билдиришим жоиз эмас. Натижалар ва мақсадлар хусусида гапириш осон эмас. Чунки айтганимдек, у ердаги муҳит қанақалигини биз билмаймиз. Фақат шуни айта оламанки, чин юрагимдан қўллаб-қувватлайман. Албатта, яхши натижалар кутиб қоламиз ва мухлислик қиламиз.

Ҳозирда Қозоғистон терма жамоамиз Чимкентдаги йиғинда. Иккита ўртоқлик учрашувимиз бор. Биз жамоамиздаги футболчилар билан терма жамоангиз мавзуси ҳақида гаплашиб турибмиз. Албатта, терма жамоамиздаги барча футболчилар Ўзбекистонни жаҳон чемпионатида иштирок этишидан хурсанд.

Шуни айта оламанки, бутун халқимиз билан Ўзбекистонга ишқибозлик қиламиз. Шу сабабли Ўзбекистонга мундиалда омад тилаб қоламиз. Эсда қоладиган голлар киритишини тилайман. Футболчилар томонидан уриладиган голлар ва натижалар гуруҳдан кейинги босқичга чиқишига муҳим роль ўйнашини хоҳлаймиз.

Мен Ўзбекистон термасига юрагимдан омад тилайман. Олға, Ўзбекистон!”, - дейди Талгат Маруанович championat.asia сайтига.

Ўхшаш янгиликлар


adminМуаллиф
Манба: Championat.asia