Қизиқ! Шерзод Темиров 24 соат ичида иккита ўйинда иштирок этди. Футболчи вазиятни изоҳлади

Абдулвосит Бектемиров
1 апр 2026
Ўзбекистон МТЖ аъзоси Шерзод Темиров билан қизиқарли ҳолат рўй берди.

Ҳозирги кунда Ироқнинг "Эрбил" клуби сафида тўп тепаётган ҳамюртимиз 24 соат ичида икки учрашувда иштирок этди. Дастлаб, 30-март санасида Тошкентда FIFA Series мусобақаси доирасида ўтказилган Ўзбекистон - Венесуэла (0:0) учрашувининг 90-дақиқасида Элдор Шомуродов ўрнига майдонга тушиб, пенальтилар сериясида ўз зарбасидан унумли фойдаланди. Орадан бир кун ўтиб, Шерзод Темиров Ироқ Юлдузлар Лигасининг 25-туридан ўрин олган "Эрбил" - "Ал Завраа" баҳсининг танаффусида Кристофер Жон Повейнинг ўрнига майдонга тушди ва 45 дақиқа давомида майдонда ҳаракатланди. МТЖ ўйини 30-март соат 19:00га старт олган бўлса, “Эрбил” иштирокидаги баҳс эса 31-март 17:00да ўтказилди. Шундай қилиб, Темиров 24 соат давомида икки баҳсда иштирок этишга улгуриб, қизиқарли ва ноёб натижа қайд этди.

"Клубдагилар "Ал Завраа"га қарши учрашувда жамоага ёрдам беришимни сўрашди. Гарчи осон бўлмаган бўлса ҳам, клуб ихтиёрига етиб кела олдим. Туркия орқали учдим. Жамоам мағлубиятга учрамади. Жамоага ёрдам бера олганимдан хурсандман. Ҳаётда осон нарсанинг ўзи йўқ. Хоҳиш бўлса барчасини уддаласа бўлади", - дея изоҳ берди Шерзод Темиров.

Эслатиб ўтамиз, Темиров жорий мавсумида Ироқ Юлдузлар Лигасида 20та гол билан тўпурарлар рўйхатида етакчи бўлиб турибди.

Темиров.jpg


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: