ПФЛ "Бухоро" клубига стадион камчиликларини бартараф этиш бўйича сўнгги муддатни эълон қилди

Aslanov Jasurbek
3 июн 2026, 14:58
ПФЛ "Бухоро"га стадиондаги камчиликларни йўқотиш учун охирги санани маълум қилди.

Лига бухоролик футбол жонкуярлари ва Бухоро клубининг фидойи мухлислари учун ўтган мавсумнинг иккинчи қисми ҳамда жорий мавсум бошида Бухоро футбол академияси майдонидаги бир қатор муаммоларга қарамасдан, вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланган Бухоро клубининг уй учрашувларини ўз майдонида ўтказишига рухсат бериб келди.

Бироқ сўнгги икки ярим йил мобайнида клуб ва вилоят футбол мутасаддилари томонидан тақдим этилган бир нечта кафолат хатларига қарамасдан, мазкур стадион ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий ишлар қилинмади ва бугунги кунга келиб Бухоро футбол академияси майдони Суперлига учрашувларини қабул қила олмайдиган даражага келиб қолган.

Суперлига регламентида мусобақа иштирокчисининг уй стадионига қўйилган бир қатор қатъий талаблар мавжуд. Жумладан, Регламентнинг 4.7-бандида Суперлига учрашувини ўтказувчи стадион, шу стадионда ўйновчи клуб ёки мазкур клубга қарашли ҳудудий футбол ассоциацияси балансида майдонни парваришлаш учун зарур бўлган техникалар бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Аммо ўтган вақт мобайнида Бухоро клуби ҳамда Бухоро вилояти футбол ассоциацияси мазкур талабларни бажариш юзасидан керакли амалий чораларни кўрмади.

Шундан келиб чиқиб, Лига Бухоро футбол клубига уй учрашувларини қабул қилувчи стадионидаги муаммоларни ҳал қилиш ва уларни бартараф этишнинг имкони бўлмаган тақдирда жорий йилнинг 25-июн санасига қадар Суперлига 13-туридан ўрин олган Бунёдкорга қарши уй учрашувини Суперлига учун рўйхатдан ўтказилган қайси стадионда ўтказиши масаласига аниқлик киритиши талаб этилади. Суперлига регламентининг 14.8-бандидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1-июль санасига қадар мазкур масала юзасидан Бухоро футбол клуби тегишли чораларни амалга оширмаган тақдирда, 21-июль санасидаги ўйинни автоматик тарзда рақиб жамоа майдони — Бунёдкор стадионига кўчиради.

Эслатиб ўтамиз, Лига жорий мавсум давомида 3 маротаба Суперлига регламентининг 14.8-бандини ишга туширишга улгурди. Жумладан, 3-тур доирасида Машъал, 4-турда Сўғдиёна ҳамда 7-турда Насаф стадион билан боғлиқ муаммо сабаб рақиб майдонида ўйнашга мажбур бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: pfl.uz