

— Бугунги ўйин жуда шиддатли ва голларга бой бўлди. Баҳс ҳақида таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Ассалому алайкум! Бунгача бўлган ўйинларни ўзингиз кўрдингиз. Бугун бизга фақат ва фақат ғалаба зарур эди ва майдонга фақат шу мақсадда тушдик. Қўлимиздан келганча ҳаракат қилиб, Яратганнинг инояти билан муҳим уч очкони қўлга киритдик.
— «Нефтчи»нинг бугунги ўйиндаги натижасидан хабар топдингиз. Бу жамоага қандай таъсир қилди?
— Бу биз учун қўшимча мотивация бўлди. Чунки «Пахтакор» ҳали ҳам чемпoнлик пойгасида. Асосий мақсадимиз — чемпион бўлиш ва бу йўлда охиригача курашамиз.
— Учрашувга руҳий тайёргарлик қандай кечди? Чунки бунгача жамоа Ўзбекистон кубогида «Нефтчи»га имкониятни бой берган, шунингдек, чемпионатда ҳам кетма-кет очко йўқотганди.
— Жамоадаги барча футболчилар — профессионаллар, ҳамма турнир жадвалидаги вазиятни жуда яхши тушуниб турибди. Мотивация масаласида ўзимизни руҳан тайёрлаб бордик. Чунки бундай вазиятда ортиқча гап-сўзнинг кераги йўқ. Якка-ю ягона мақсадимиз — бош соврин ва шу йўлда охиригача борамиз, иншааллоҳ.
— Сўнгги вақтларда Франция клубига трансферингиз атрофида турли шов-шувлар тарқалди. «Пахтакор» раҳбарияти ва бош мураббий сизни қўйиб юборишни истамагани ҳақидаги хабарларга муносабатингиз қандай?
— Ҳар бир ишда бир хайр бор. Раҳбарият ҳам менинг келажагимни, фаолиятимни ўйлаган ҳолда шундай қарорга келди, деб ҳисоблайман. Ҳозирда «Пахтакор»даман. Чемпионат ва Осиё Чемпионлар лигасида жамоамга максимал даражада ёрдам бериб, мақсадларимизга эришмоқчимиз. Қишда эса, насиб этса, хорижга кўчиб ўтиш вариантини яна кўриб чиқамиз.



