Умид Ҳамроев: "Муаммолар "Бухоро"нинг муваффақиятига тўсиқ бўлмаслиги керак"

Iskandarov Abdulaziz
28 авг 2026, 11:41
Жорий мавсумда "Бухоро" жамоасининг Суперлигадаги иштироки барчанинг эътиборини тортиб, футбол жамоатчилигини ҳайрон қолдирмоқда.

Ўтган йили плей-офф босқичида қийинчилик билан лигадаги ўрнини сақлаб қолган клуб бу йил медаллар учун жиддий курашга киришди. Ушбу муваффақиятларда жамоа дарвозасини ишончли қўриқлаб келаётган маҳоратли посбон Умиджон Ҳамроевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Жамоанинг бугунги спорт формага кириши ва ички муҳит ҳақида посбон билан суҳбатлашдик.

— Ҳозирда ҳамманинг эътиборида "Бухоро". Жамоа юқори ўринлар ва медаллар учун курашмоқда. Ўтган мавсумда сўнгги паллада Суперлигада қолган жамоа бу йилги вазифасини аллақачон бажариб бўлди, десак бўладими?

— Ҳа, ўтган йили жамоамиз анча мураккаб ва оғир аҳволга тушиб қолган эди. Аммо халқимизда "Иштаҳа овқат пайтида келади", деган ажойиб нақл бор. Ҳозир айнан шундай ҳолатдамиз. Худо хоҳласа, охиригача курашишдан тўхтамаймиз ва Бухоро мухлисларини қувонтиришда давом этамиз.

— Бу мавсум "Бухоро" тарихидаги энг муваффақиятли йиллардан бирига айланмоқда. Бунинг ортида қандай сир бор? Маълумки, клубда молиявий муаммолар ҳам мавжуд эди. Бундай шароитда жамоага нима устунлик берди?

— Дарҳақиқат, жамоамиз ҳозирда жуда яхши спорт формасида. Бу натижага эришиш учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва барча футболчилар томонидан катта меҳнат сарфланди. Муваффақиятимизнинг асосий омили — жамоадаги жипслик ва ички аҳилликдир. Раҳбарият ва футболчилар ўртасида мустаҳкам ишонч қарор топган, шу сабабли молиявий қийинчиликлар бизга тўсиқ бўла олмаяпти.

— Фаолиятингизга назар ташласак, "Хоразм" ва "Машъал" таркибида Про лига ва мусобақа жадвалининг қуйи қисмида ўйнаганингизга гувоҳ бўламиз. Бу йилги мавсумни ўзингизни тўлиқ кўрсатадиган ва миллий терма жамоадан чақирув оладиган энг муваффақиятли босқич деб ҳисоблайсизми?

— Яратганга шукур, бу йилги мавсум фаолиятимдаги энг маҳсулдор йиллардан бири бўлмоқда. Илгари "Машъал" билан Про лигада юқори натижа қайд этиб, 27 та ўйинда 13 та гол ўтказиб юборган ва 15 та учрашувда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган бўлсам-да, бу рақамларни Суперлига даражаси билан солиштириб бўлмайди. Бугунги кунда кўрсатаётган ўйиним ва самарадорлигим чиндан ҳам юқори даражада.

— "Нефтчи"га қарши кечган баҳсда "Бухоро" кучли ўйин кўрсатдими ёки ўша куни рақибнинг омади келмадими?

— Бу ерда ҳар иккала омил ҳам роль ўйнади. Учрашувнинг дастлабки 20 дақиқасида "Нефтчи" жуда катта босим ўтказди ва бир нечта хавфли вазиятларни яратди. Шу томондан уларнинг куни эмас эди. Ушбу босимга бардош бергач, жамоамиз ҳимояда жуда ишончли ва интизомли ўйин кўрсата олди.

— Қўқондаги ўйинда кўпроқ нима ноқулайлик туғдирди: майдон ҳолатими ёки рақибнинг қаршилиги?

— Майдон ҳолати десам адашмаган бўламан. Ушбу майдонда оддий пас узатиш ҳам катта хавф туғдирар, битта хато жуда қимматга тушиши мумкин эди. Шу сабабли тўп асосан ҳавода ҳаракатланди. Очиғи, бу майдоннинг аҳволидан ҳайрон қолдим — ўзимизнинг уй майдонимиз бундан анча яхши ҳолатда. Шундай экан, нима учун бизга ўз майдонимизда ўйнашга рухсат беришмаганига тушунмайман.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia