Камолиддин Тожиев: "Абдумажидовнинг таклифини трансфер ойнасидан сўнг билдик. Медиада Ортиқхўжаев клубдан кетди дейишмоқда, аммо..."

5 сен 2026, 02:26
Суперлига 21-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Андижон" (3:0) учрашувидан сўнг тошкентликлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Бугун ўйинни тўлиқ бошқардик. Икки бўлимда ҳам. Аввалги ўйинларда яратган вазиятларимизни кўкка совураётган эдик. Бугун улардан унумли фойдаландик ва гол урдик. Йигитларга раҳмат айтаман", - деди Камолиддин Тожиев.

- Ҳисоб 3:0 вақтида бироз ёшларга имконият беришингизни кутгандим. Захирада U17 терма жамоа аъзолари бор эди-ку.
- Сардор Мирқобиловни майдонга туширдик. Ўринбосарлар таркибидан 11 нафар футболчимиз бор. Улар кеча қийин ўйин ўтказишди. Жамоа кеча 1:2 ҳисобида ютқазаётган ҳолатда, 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб кетди. Сардор кеча 2та гол урди ва унга бугун имконият бердик.

- "Пахтакор" атрофида кўплаб гап-сўзлар юрибди. "Нефтчи"га қарши ўйин Тожиев учун сўнгги имконият дейилганди, аммо сиз истеъфога чиқмадингиз. Раҳбарият билан гаплашдингизми?
- Бунақа гап қаердан пайдо бўлганини билмайман. Раҳбарият ҳам бундай фикрда эмас. Ўтган сафар ҳам шуни айтгандим. Дуранг ўйнаяпмиз, аммо ютқазаётганимиз йўқ. Жамоа ҳали ҳамон чемпионлик учун курашмоқда.

- "Пахтакор"нинг барча омадсизликларига Тожиев айбдор деб кўрсатилмоқда. Бундай танқид остида ишлаш сизни қанчалик қийнамоқда?
- Ҳамма нарсага эътибор бераверсак, ҳаёт қийинлашиб кетади.

- Медиани ўқимайсизми?
- Ўқийман, аммо ҳар доим жамоа ҳақида ўйлайман. Асосий вазифа жамоани кейинги ўйинга тайёрлашдан иборат.

- Ҳамкасбларимиз ёзишича, Абдумажидовнинг "Брест"га бўлган трансферини айнан сиз тўсиб қўйибсиз. Аслида нима бўлди?
- Клубга расмий хат келмади. Клуб расмий баёнот ҳам бериб бўлди-ку. Хат ўйинчининг агентига келган экан. Муҳаммадрасул билан гаплашдик. Мен жамоани ташлаб кетмайман, жамоага ёрдам бераман, деди. У "Брест" билан шартнома имзолаб улгурган, 1-январдан бошлаб бир йиллик ижарага йўл олади.

- Шахсан Камолиддин Тожиевни айбдор деяётганларга нима деган бўлардингиз?
- Вазиятни айтиб бердим-ку. Клубга расмий хат келмади. Фақат агентида хат бор эди. Трансфер ойнаси ёпилишига тўрт кун қолганда хат келди. Бунга қадар ҳеч нимадан хабаримиз йўқ эди. Ҳеч ким ҳеч нима демаганди. Вазият шундай бўлди. Абдумажидов 1-январдан "Брест"га кетади.

- Ироқ телеканаллари "Пахтакор" ўйинини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олди. Гол ва ассистни бир очко деб ҳисобласак, бугун жамоангиз олти очко жамғарди. Ироқликлар эса нақд тўрт очко олиб келди. Ресандан учта ассист ва Таҳсиндан гол. Ироқликларнинг сермаҳсуллиги тасодифми?
- Мен ҳам уларга шуни айтаман. Бутун Ироқ сизларни кузатмоқда. Шунинг учун майдонда яхши ўйин намойиш этишингизлар керак деб. Башар олдин ҳам гол уриб келаётганди. Бугун шундай тасодиф бўлиб қолди.

- Абдумажидов ҳолатида "Пахтакор"ни танқид қилаётган жамоа нега ёзги трансферлар ойнасида Ҳамралиевни "Навбаҳор"га, Азмиддиновни Кувайтга қўйиб юборганини гапиришмоқда. Марказий ҳимоячиларни бошқа клубларга қўйиб юбориб, Абдумажидовни янги клубга ўтишига қўйишмади деб. Ушбу вазият ҳақида нима дейсиз?
- Биз трансферлар ойнаси ёпилганидан кейин ҳеч нима қила олмаймиз. Бизга энди чиқишди, аввалроқ хабардор қилишганида вазият бошқача бўларди. Расмий хат келса, ҳеч кимни мажбуран ушлаб ўтирмаймиз. Ўтган мавсумда Ўринбоевни Белгияга қўйиб юбордик-ку. Абдумажидовга бўлаётган қизиқишни трансфер ойнасида ёпилиб бўлганидан сўнг билдик. Аввалроқ айтиб қўйишганида Ҳамралиев ва Азмиддинов билан бошқача иш тутардик. Абдумажидовни эса қўйиб юборардик. Бунинг учун расмий хат керак. Ўринбоевга Белгиядан расмий таклиф келганди ва биз уни мавсум ўртасида трансфер қилгандик.

- Владимир Назаровни “mixed zone”да учратдим ва ундан нега асосий таркибдан тушиб қолгани ва ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгани ҳақида сўрамоқчи эдим. Назаров эса "мураббийдан сўранг" деб айтди. Яқингача терма жамоа дарвозабони ҳисобланган Назаров Суперкубок баҳсидан сўнг асосий таркибдан тушиб қолди. Ҳозирги кунда эса умуман асосий жамоада ўйнамай қўйди. Назаровнинг ҳолати бўйича гапириб ўтсангиз...
- Унга ҳам имконият берамиз. Назаров машғулотларни ўзини яхши кўрсатмоқда. Хафагарчилик йўқ. Меҳнат қилиб, ўз имкониятини кутмоқда. Ўз имкониятига эга бўлади. Ўйинлар ҳали кўп.

- ОЧЛда Эмилиано Карас ишлайди. Сизнинг ПРО лицензиянгиз бўйича ҳолат қандай?
- Ноябрда масала ҳал бўлади. ОЧЛга берган "заявка"мизда Карас бош мураббий.

- Осиёнинг энг ҳужумчиларидан бири дейиладиган Ҳуссайн умуман гол урмаяпти. Нега Ҳуссайн ҳали ҳамон гол урмади?
- У ҳам вазиятдан хавотирда. Гол ура олмаётганидан сиқилмоқда. Захирага олмаслигимни, ҳозир гол уришини айтди. Бироз имконият беринг деяпти. Гол урса, барчамиз хурсанд бўламиз.

- "Пахтакор" раҳбари Жаҳонгир Ортиқхўжаев клубдан кетдими?
- Ҳали расман ҳеч қаерда эълон қилинмади. Жаҳонгир ака биз билан. Медиада Ортиқхўжаев клубни тарк этди дейишмоқда. Раҳбаримиз ҳали ҳамон биз билан.

- "Насаф" - "Нефтчи" ўйинидаги ҳисоб сизни қанчалик ҳайрон қолдирди? "Нефтчи" шундай йирик ҳисобда мағлуб бўлишини кутганмидингиз?
- Биринчи бўлимдан сўнг ҳисобни билгандим. Биз ўз ўйинларимизда ғалаба қозонсак бўлди. "Нефтчи"дан бундай мағлубият кутмагандим.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia