

Бу ҳақда “Jamaica Gleaner” нашрига Ямайка футбол федерацияси президенти Майкл Риккеттс маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ футбол федерациясининг хавфсизлик билан боғлиқ сабабларга кўра мусобақадан чиқиш қарори Ямайка томонида ҳам хавотир уйғотган.
“Агар АҚШдек қудратли давлат хавфсизлик сабабларига кўра мусобақадан воз кечишни маъқул кўрган бўлса, бу бизда ҳам хавотир уйғотиши табиий.
ФИФА билан ушбу масалани муҳокама қилишимиз ва уларнинг мусобақада иштирок этишимиз юзасидан фикрини билишимиз керак. Биз хавотирдамиз ва кейинги қароримизни жиддий ўйлаб қабул қилишимиз шарт”, – деди Риккеттс.
Федерация раҳбарининг маълум қилишича, Ямайка U-17 терма жамоаси 14 ноябрь куни Қатарга йўл олиши режалаштирилган. Шу боис ФИФА билан музокаралар қисқа муддатда ўтказилиши керак.
Шунингдек, Ямайка футбол федерацияси бошқа мамлакатлар ҳам АҚШ каби мусобақадан воз кечиш-кечмаслигини кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ U-17 терма жамоаси минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар туфайли жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини эълон қилган. ФИФА эса хавфсизлик бўйича баҳолари ўзгармаганини билдирган.
Ямайка терма жамоаси Ўзбекистон, Италия ва Кот-д’Ивуар билан биргаликда “E” гуруҳидан ўрин олган.
Ҳозирча Ямайканинг мусобақадан чиқиши ҳақида қарор қабул қилинмаган.
U-17 Жаҳон чемпионати 19 ноябрдан 13 декабрга қадар Қатарда ўтказилиши режалаштирилган.



