Таркибида 5 нафар ўзбекистонлик бўлган Қирғизистон Кубоги ғолибида молиявий муаммолар юзага келди

Оқил Абдубарноев
13 ноя 2026, 17:55
Қирғизистоннинг Қўчқор-Ота шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “Нефтчи” клубида футболчилар икки ойдан бери маош ва мукофот пулларини олмаётгани маълум бўлди.

24.kg нашрининг хабар беришича, 2026 йилги Қирғизистон Кубоги ғолиби бўлган жамоа футболчилари мавсум якунланганига қарамай, клуб базасини тарк эта олмаяпти.

“Мавсум 8 ноябрь куни якунланди, аммо футболчилар муносиб дам олиш ўрнига клуб базасида қолишга мажбур. Улар раҳбариятдан маош ва мукофот пулларини кутаётгани сабабли уйларига қайтиб, таътилни оилалари билан ўтказа олмаяпти”, – дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, “Нефтчи” 2026 йилги мавсум бошида беш нафар ўзбекистонлик футболчини ўз сафига қўшиб олган эди. Булар Сардорбек Хурсандов, Сарвар Аблаев, Дадахон Юсупов, Собит Синдаров ва Жавоҳир Алижоновдир.

Клубнинг январь ойидаги расмий эълонида ушбу футболчилар билан шартнома имзолангани маълум қилинган. Бироқ уларнинг барчаси мавсум охиригача жамоада қолгани ва айнан қайсиларида маош бўйича қарздорлик мавжудлигига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, “Нефтчи” жорий мавсумда Қирғизистон кубогини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа мамлакат чемпионатида ҳам иштирок этди.

Ҳозирча клуб раҳбариятининг молиявий муаммолар юзасидан расмий муносабати эълон қилинмаган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: 24.kg

Сўнгги янгиликлар

Барча ›