Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Эквадорга қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади

Оқил Абдубарноев
8 ноя 2026, 15:48
Ўзбекистон ва Эквадорнинг 17 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоалари ноябрь ойида иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши кутилмоқда.

Манбанинг хабар беришича, Жанубий Америка вакиллари Қатарда ўтказиладиган U-17 жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Эквадор ўсмирлар терма жамоаси 6–14 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Йиғин доирасида 9 ва 12 ноябрь кунлари Ўзбекистон U-17 терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашуви режалаштирилган.

Мазкур баҳслар Эквадор терма жамоаси учун жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи вазифасини ўтайди.

Эквадор U-17 терма жамоаси бош мураббийи Гонсало Ферреа Ўзбекистондаги йиғин учун 20 нафар футболчини жалб қилган. Улар орасида Испаниянинг “Барселона” клуби тизимида фаолият юритаётган Адриан Куадрадо ҳам бор.

Маълумот учун, 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати 19 ноябрдан 13 декабрга қадар Қатарда бўлиб ўтади. Мусобақада 48 та терма жамоа иштирок этади.

Эквадор терма жамоаси B гуруҳида Янги Каледония, Уганда ва Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боради. Жамоа 19 ноябрь куни Янги Каледонияга қарши дастлабки учрашувини ўтказади.

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳам мазкур жаҳон чемпионати иштирокчилари қаторидан жой олган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: El Crack

Сўнгги янгиликлар

Барча ›