

“Нефтчи”, “Сурхон”, “Қизилқум” каби жамоаларда тўп тепган ҳужумчи 2022 йилда Ўзбекистон чемпионатининг энг чиройли голи муаллифи сифатида кенг эътироф этилганди. Ўша мавсумда у нафақат голлари, балки ўйини, ҳаракатчанлиги ва майдондаги иштиёқи билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортган.
Айниқса, “Сурхон” сафидаги ўйинлари унинг фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Испаниялик мутахассислар — Лопес ва Мигель Альварес қўл остида ўйнаган давр Тошпўлатов учун янги босқич бўлганди. Бироқ футболда ҳамма нарса ҳам режадагидек кечавермайди. Кейинги фаолиятида клублар алмашди, етарли ўйин амалиёти бўлмади, жароҳатлар халақит берди.
— 2022 йил фаолиятингизда ўзига хос саҳифа очганди. Ўша йили мамлакатнинг энг чиройли голи муаллифи бўлдингиз. Ўша мавсумни қандай эслайсиз? Лопес ва Мигель Альварес билан ишлашдан қандай хотиралар қолган?
— Соврин ютиш ҳар қандай футболчи учун ёқимли. Мураббийларга келсак, улардан жуда кўп нарсалар ўрганганман. Машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам футболчини руҳлантира оладиган мутахассислар эди. Улар ҳақида фақат яхши хотираларим бор.
— Шундан кейин фаолиятингизда ўзгаришлар бўлди ва “Сурхон”ни тарк этдингиз. Айнан ўсиш палласида бу қарор нима билан боғлиқ эди?
— “Сурхон”да ҳаммаси яхши эди. Янги мавсумга тайёргарликни бошлаш арафасида клубда ўзгаришлар бўлди. Директор ҳам, мураббийлар штаби ҳам алмашди. Жамоа қачон йиғин ўтказиши ҳам ноаниқ бўлиб қолди. Кейин бир-икки клубдан таклиф тушди ва мен “Қизилқум”ни танладим. Аммо у ерда ўйин амалиёти кам бўлиб қолди.

— Кейин эса Тожикистоннинг “Хўжанд” клубига йўл олдингиз. У ердаги фаолиятингиз қандай кечди?
— “Қизилқум”дан кейин “Хўжанд”га бордим. У ерда ҳам ёмон ўйнаганим йўқ. Аммо жароҳат олдим ва маълум вақт футболдан узоқлашиб қолдим. Худо хоҳласа, иккинчи даврада майдонга қайтишни режа қиляпман.
—2020 йилда “Нефтчи”да Абдусамад Дўрмонов қўл остида ўйнагансиз. У инсоннинг фаолиятингиздаги ўрни қандай?
— Абдусамад акани Оллоҳ раҳмат қилсин. Жуда яхши футболчи ва мураббий эди. Менга кўп ўйин амалиёти берган. У киши билан бирга кўп ғалабаларга эришганмиз. Гапирсам, хотиралар жуда кўп. Қисқача айтсам, жуда яхши инсон эди.
— “Турон”га қарши кечган ўша баҳсли ўйинга ҳам олти йил бўлибди. Бугун ўша учрашув видеоларини кўрсангиз, нималарни ҳис қиласиз?
— “Турон” билан ўйин ҳақиқатан ҳам яхши ўтган. Ҳаммамиз Суперлигага чиқишни жуда хоҳлагандик. Ўша йилдаги энг эсда қоларли ҳолатлар эса ўйиндан кейинги воқеалар бўлган.
— Бу йилги Ўзбекистон чемпионатида интрига юқори. Сизнингча, чемпионлик курашида ҳал қилувчи омил нима бўлади?
— Ҳа, бу йил чемпионат қизиқ ўтяпти. Ҳамма жамоалар бор кучини беряпти. Деярли ҳар бир турда кимдир очко йўқотяпти. Ҳали ўйинлар кўп, шунинг учун олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Мен кўпроқ “Насаф” ўйинларини кузатаман. Жамоа қизиқарли футбол намойиш қиляпти.



