Люпчо Дориев: "Мураббий ҳам, федерация президенти ҳам айбдор эмас. Натижалар учун ўзимиз жавобгармиз"

Aslanov Jasurbek
18 ноя 2026, 16:52
Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби футболчиси Люпчо Дориев Шимолий Македония терма жамоасининг Словенияга қарши ўз майдонидаги мағлубиятидан сўнг кескин фикрлар билдирди.





2023 йилдан буён "Сўғдиёна" шарафини ҳимоя қилиб келаётган қанот ҳужумчиси миллий жамоанинг йил давомидаги қониқарсиз натижалари учун масъулиятни футболчилар ўз зиммасига олиши кераклигини таъкидлади.

"Очиғи, бу йилни унутганимиз маъқул. Бунда на футбол федерацияси президенти, на бош мураббий айбдор. Айб ўзимизда. Терма жамоага мамлакатнинг энг яхши футболчилари чақирилган. Натижалар учун биз жавобгармиз.

Менимча, бизга масъулият ҳисси етишмаяпти. Аввало, ўзимдан бошлайман. Майдонда масъулият ва интизом етишмаяпти. Бу терма жамоа бундай ўйнамаслиги керак. Бу ҳолат биз учун ҳам жуда оғир. Ушбу йилни унутишимиз лозим.

Ўйлайманки, вазиятни ўнглай оламиз. Ўзимизга келишимиз учун бир-иккита ғалаба керак. Бундай тарзда мағлуб бўлган эканмиз, демак, бош мураббийнинг талабларини бажара олмаганмиз. Майдонда кўплаб жиҳатлар бўйича ўзимизни кўрсата олмадик", – деди Дориев.

Қайд этиш жоиз, Люпчо Дориев аввалроқ Шотландияга қарши учрашувдан сўнг жамоанинг ўйинида ижобий ўзгаришлар сезилаётганини таъкидлаб, Словенияга қарши баҳсда ғалаба қозонишга умид билдирган эди. Бироқ навбатдаги мағлубиятдан сўнг футболчи жамоадошларини ҳам, ўзини ҳам танқид қилди.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›