

FIFA Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш нафақат Ўзбекистон футболи, балки Янги Ўзбекистоннинг бутун спорт ҳаракати тарихидаги энг буюк ютуқлардан бири сифатида абадий қолади. Марказий Осиёдан Жаҳон чемпионатига чиққан илк мамлакат сифатида бу бутун халқимиз учун улкан тарихий воқеа бўлди.
Бу муваффақият амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини ва мамлакатимиз дунёнинг етакчи спорт давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Айниқса, терма жамоамиз ўйинларини нафақат стадионларда минглаб ватандошларимиз, балки дунёнинг турли мамлакатларидаги сон-саноқсиз мухлислар ҳам кузатгани қувонарлидир. Бу бизнинг дунёга очилган ойнамиз бўлди. Мехико, Хьюстон ва Атлантадаги футбол мухлислари Ўзбекистоннинг хушмуомала, самимий ва меҳмондўст қадриятларини акс эттирган ўзбек мухлислари билан танишдилар. Мухлисларимиз дунёнинг турли бурчакларидаги мухлислар билан узоқ йиллик дўстлик алоқаларини ўрнатганига ва шу орқали одамларни Ўзбекистонга ташриф буюришга, унинг меҳмондўстлиги ҳамда бой маданиятини яқиндан билишга илҳомлантирганига шубҳам йўқ.
Футболчиларимизнинг ўйинлари бутун дунё эътиборини тортди, уларнинг фидойилиги, характери ва курашувчанлиги эса миллионлаб футбол мухлисларининг қалбидан жой олди. FIFA Жаҳон чемпионати – 2026 давомида Google қидирув тизимида "Uzbekistan" сўзи бўйича қидирувлар 450 фоизга ошди.
Жаҳон чемпионатидаги иштирокимиз футбол ва спортнинг барча даражаларига йиллар давомида амалга оширилган пухта режалаштирилган стратегик инвестицияларнинг натижаси бўлди. Бу ҳомийликлар ва трансляцияларга бўлган қизиқишнинг ортиши, спорт туризми ҳамда халқаро ҳамкорликларнинг кенгайиши орқали янги иқтисодий имкониятларни яратди. Ишончим комилки, бундай миқёсдаги турнирда орттирилган тажриба келажакдаги ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Бу йўл ҳеч қачон осон бўлиши мумкин эмас эди. Мағлубиятлар ўсишнинг бир қисмидир. Улар характерни шакллантиради, қимматли сабоқлар беради ва келажакдаги ғалабаларни янада мазмунли қилади. Энг муҳими, олдинга ҳаракат қилишда давом этишдир. Биз ривожланишда, ўрганишда давом этамиз ва тўхтамаймиз. Бу ўзбек футболининг буюк саёҳатидаги илк қадамлар, холос.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол инфратузилмасига йўналтирилган инвестициялар туб бурилиш ясади. Бугунги муваффақиятимизнинг асоси бўлган иншоотлар, академиялар ва дастурлар ривожлантирилди. Жумладан, маҳаллаларнинг қарийб 70 фоизида мини-майдонлар қурилди, тахминан 15 мингта мактаб спорт майдонлари таъмирланди ва бугунги кунда 65 мингдан ортиқ ёш футболчини қамраб олган махсус футбол мактаблари тармоғи яратилди.
Шунингдек, биз тарихимиздаги энг йирик – 55 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион қурилишига сармоя киритмоқдамиз. У Озарбайжон билан ҳамкорликда мезбонлик қиладиган 2027 йилги FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига тайёр бўлади. Сарфланган ҳар бир сўм узоқ муддатли ва изчил стратегиянинг бир қисми бўлди. Натижалар эса ўз-ўзидан гапирмоқда: FIFA Жаҳон чемпионатига чиқиш, Англия Премьер-лигасида ўйнаётган Абдуқодир Ҳусанов ва Париж – 2024 Олимпиадасида қўлга киритилган 13-ўрин бунга яққол мисолдир.
Биз оммавий футбол босқичидан профессионал ва халқаро даражагача бўлган узлуксиз тизимни шакллантирдик. Бу иқтидорли ёш футболчиларни аниқлаш, ривожлантириш ва фаолияти давомида қўллаб-қувватлаш имконини бермоқда. Ушбу мақсадларнинг ёрқин тимсоли – Тошкентдаги янги Олимпия шаҳарчасидир. Марказий Осиёдаги энг йирик спорт мажмуаси бўлган ушбу маскан спортчиларимизга энг замонавий технологиялар ва жаҳон даражасидаги шароитларда машғулот ўтказиш имконини беради.
Ўзбекистоннинг ёшлар ривожига қаратаётган эътибори аллақачон ўз самарасини бермоқда. Қизлар ўртасидаги U-17 терма жамоамиз 2023 йилда Тожикистонда ўтказилган CAFA чемпионатида бирорта ҳам мағлубиятга учрамай чемпион бўлди. Мамлакатимизда эса Ўзбекистон футбол ассоциацияси аёллар футболини янада ривожлантиришга қаратилган қатор стратегик ташаббусларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон футболининг келажаги порлоқ. 2025 йилда мезбон Саудия Арабистонини финалда мағлуб этиб, AFC U-17 Осиё кубоги чемпионига айландик. Бундан ташқари, аёллар миллий терма жамоамиз 2026 йилда Австралияда ўтган AFC Аёллар Осиё кубогида чорак финалга қадар етиб борди.
Яқин келажакдаги яна бир муҳим воқеа – Ўзбекистоннинг 2029 йилги AFC Аёллар Осиё кубогига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганидир. Биз ушбу мусобақани қабул қиладиган илк Марказий Осиё давлати бўламиз. Бу, албатта, мамлакат бўйлаб аёллар футболини ривожлантириш учун улкан майдон яратади.
Ўзбекистоннинг FIFA Жаҳон чемпионатидаги иштироки нафақат футбол, балки мамлакатимиздаги спорт ва миллий ўзлик учун ҳам тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Аҳолимизнинг қарийб 60 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар эканини ҳисобга олсак, бу муваффақият минглаб ёш ўзбекистонликларни футбол ўйнашга, мураббийлик, спорт илми, спорт менежменти ва футбол бизнеси каби соҳаларда фаолият юритишга илҳомлантиради. Бу эса мамлакатимиз спорт тизимининг узоқ йиллар давомида равнақ топишига хизмат қилади.



