Илгиз Танташев бошқарувида ўтадиган финалда "самурай"лар амалдаги чемпионни енга оладими? ОЧЛ финал баҳсига превью

Абдулвосит Бектемиров
25 апр 2026, 20:15
Бугун Жидда шаҳридаги "Қирол Абдуллоҳ Спортс Сити" стадионида қитъамизнинг энг йирик бош соврини тақдири ҳал бўлади. Амалдаги чемпион, Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" клуби мусобақанинг бош сенсацияси – Япониянинг "Мачида Зелвия" жамоаси билан тўқнаш келади.

Финаллар тарихи

Тарихдаги дастлабки финал 1967 йили ўтказилган ва илк мусобақа ғолиби Исроилнинг "Хапоэль" жамоаси бўлган. Мусобақа 1971 йилга қадар ҳар икки йилда ўтказилган. 1969 ва 1971 йилларда Тель-Авивнинг "Маккаби" жамоасига ғолиб бўлган. 1970 йилги мавсумда эса Эроннинг "Тож Теҳрон" жамоаси финал учрашувидан сўнг ғалабани нишонлашган. Сўнгги беш мавсумда эса ғарбий минтақа вакиллари кетма-кет равишда мусобақа ғолиблигини қўлга киритмоқда, 2022 йилги мавсумдан ташқари. 2021 йили "Ал Ҳилол" финалда Кореянинг "Поханг Стилер" жамоасини мағлуб этган бўлса, кейинги мавсумда Риёдликлар икки ўйин натижасига кўра "Урава Ред Диамондс"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган. 2023/2024 йилги мавсумда эса Эрнан Креспо бошчилигидаги "Ал Айн" финалда "Йокохама Маринос"ни икки ўйин натижасига кўра 6:3 ҳисобида енгган эди.

2024 йилда эса ОФК мусобақага ўзгартириш киритиб, Элит Осиё Чемпионлар Лигасини ташкил этди. Элит ОЧЛнинг дастлабки ғолиби эса Жидданинг "Ал Аҳли" жамоаси бўлди. Риёд Маҳрез жамоаси ўз уйида ўтказилган финалда "Кавасаки Фронтале"ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўз тарихида илк бор Осиё "тожи"га эга чиққан эди. Саудия клуби учун бугунги финал тарихдаги тўртинчиси бўлади. Жиддаликлар ўз тарихида илк бор, 1985/1986 йилги мавсумда Осиё Клублар мусобақаси(ҳозирги ОЧЛ) финалида Кореянинг "Дэу Роялс" клубига 3:1 ҳисобида мағлуб бўлади. Орадан 26 йил ўтиб, саудияликлар яна бир маротаба финалга қадар етиб боришади ва яна Жанубий Корея вакилига мағлуб бўлади. Бу сафар "Ульсан Ҳюндай" йирик 3:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилади. Агар "Ал Аҳли" бугунги финалда ғалаба қозонса, кетма-кет икки мавсум давомида Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган жамоага айланади. Айнан "Ал Аҳли"нинг ашаддий рақиби "Ал Иттиҳод" 2004 ва 2005 йилги мавсумларда кетма-кет икки маротаба мусобақада зафар қучган ягона жамоа ҳисобланади.

"Мачида Зелвия" эса ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этмоқда. Жамоа дебют мавсумидаёқ финалга қадар етиб келди.

al ahli].jpg

Босиб ўтилган йўл

Амалдаги чемпионларнинг йўли синовларга тўла бўлди. Мусобақадаги иштирокини "Насаф"га қарши бошлашди. Жиддадаги учрашувда Ҳусайн Норчаевнинг биринчи бўлимдаги "дубли" амалдаги чемпионларни қийин аҳволга солиб қўйган эди, аммо танаффусдан сўнг рақиб Энзо Мийонинг "дубли" ва сўнгги дақиқалардаги иккита гол билан жавоб қайтариб, якунда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Гуруҳ босқичида Ғарбий минтақада иккинчи ўринни эгаллаган Маттиас Яйссле шогирдлари плей-оффда Ақловлар қилмас матонат намойиш этишди.

1/8 финалда "Ал-Дуҳайл"га қарши кечган баҳс тақдирини Риёд Маҳрезнинг 117- дақиқақаги жарима зарбасидан урган голи ҳал қилди. Чорак финалда Малайзиянинг "Жоҳор Дарул Таъзим" жамоасига қарши ўйинда жамоа бир киши кам бўлиб қолгани ва учрашув давомида ҳисобда ортда бораётганига қарамай, 2:1 ҳисобида иродали ғалабани қўлга кирита олди. "Барселона" собиқ футболчиси Франк Кессье бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни тенглаштирган бўлса, Галенонинг "супергол"и жамоани ярим финалга олиб чиқди.

"Виссел Кобе"га қарши кечган финал остонасидаги баҳс ҳам "камбэк" билан эсда қолди. Саудияликлар биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган бўлсалар-да, Галено ва Айвен Тонининг голлари эвазига финал "чипта"си қўлга киритилди. "Порту" собиқ аъзоси Галено яна бир бор "супергол" урди.

al ahli.jpg

Шарқий минтақа вакили ва мусобақа дебютанти "Мачида" учун ушбу мавсум ҳақиқий "эртак"га айланди. Го Курода жамоаси 17 очко тўплаб, Шарқий минтақадаги биринчи ўринни эгаллади. Токио жамоаси мустаҳкам ҳимояси билан бутун футбол ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Улар мусобақадаги жами 12 ўйинда бор-йўғи 7та гол ўтказиб юборишди. "Мачида" плей-офф босқичида гол ўтказмаган ягона жамоа ҳисобланади.

Нимчорак финалда икки ўйин натижасига кўра "Гангвон" 1:0 ҳисобида таслим этилди. Чорак финал босқичидан бошлаб эса, мусобақа минтақалашган тизимда Саудия Арабистонида ўтказилди ва ҳар бир босқич фақатгина бир ўйиндан иборат эди.

Чорак финалда эса Саудиянинг амалдаги чемпиони "Ал-Иттиҳод"ни токиоликларни кутиб турганди. Қийин кечган учрашувда австралиялик ҳужумчи Тете Йенгининг 31-дақиқадаги голи учрашувдаги ягона гол бўлиб қолди, аммо "ПСЖ" собиқ футболчиси Данило Перейранинг 86-дақиқада киритилган голи ҳисобга олинмади.

Ярим финалда БАА чемпиони "Шабаб Ал-Аҳли" "самурай"ларга рақиблик қилди. Юки Соманинг ўйин бошида урган голи ўз жамоасига ғалаба келтирди ва "Мачида" ўз тарихида илк бор финал йўлланмасини қўлга киритди. Лекин 90+7-дақиқада "Шабаб Ал Аҳли" Гильерменинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди, аммо VAR вазиятга аралашиб, голга олиб келган ҳужум аслида "Мачида" икки янги футболчини майдонга тушираётган чоғида аутдан тўпни майдонга киритиш орқали бошлангани ҳақида бош ҳакам Жон Эвансни огоҳлантирди. Австралиялик ҳакам эса голни вазиятни такроран кўрганидан сўнг голни бекор қилди. Дубай жамоаси ушбу вазият бўйича ОФКга расмий шикоят йўллади ҳам.

machida.jpg

Мураббийлар фикри

"Ал Аҳли" бош мураббийи Маттиас Яйссле финал учрашувдан олдин шундай деди:

"Финалда эканлигимиздан фахрланаман. Мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлашларига ва стадионда ажойиб атмосфера бўлишига ишонаман. Аксарият ўйинчиларимиз сафда, улар руҳий ва жисмоний жиҳатдан финалга тайёр. Бу алоҳида ўйин ва ҳар бир футболчи унинг бир қисми бўлишни истайди. "Мачида" — ўта тартибли жамоа. Уларга гол уриш ниҳоятда қийин, буни улар плей-оффда исботлашди. Бу оғир ўйин бўлади, аммо финал учун бу табиий ҳол.

Мақсадимиз ғалаба қозониб, мухлисларимизга байрам тақдим этиш. Ўтган йилги финал билан солиштирмаган бўлардим. Жорий мавсумда рақобат янада кучайди"

"Мачида Зелвия" устози Го Курода финалдан олдин шундай деди:

"Футболчиларим бутун мусобақа давомида намойиш этган иштиёқи шу ергача етиб келишимизга сабабчи бўлди. Эртага майдонда йиллар давомида қуриб келган ўйинимизни намойиш этишни мақсад қилганмиз.

Биз Яқин Шарқ майдонларида янгича руҳни ҳис қилдик ва бу туртки бизга ёрдам беради. Стадион мезбонлар мухлислари билан тўлишини тушуниб турибмиз, лекин бу бизга босим ўтказмаслиги учун қўлимиздан келганини қиламиз. Жароҳатлар борасида вазият барқарор, биз баҳона қидирмаяпмиз. Биз бутун дунёга "Мачида Зелвия"нинг қанчалик кучли эканини кўрсатмоқчимиз»

kuroda jaissle.jpg

Илгиз Танташевга омад

Хабарингиз бор, бугунги финални Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва хитойлик Жу Фей ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Осиё Кубоги-2023 финалини бошқарган хитойлик Ма Нинг тайинланган. Ҳамюртимиз Фирдавс Норсафаров эса AVAR ҳаками сифатида тайинланган. Бугунги финал Норсафаров фаолиятидаги илк финал учрашуви бўлади.

Танташев учун бугунги учрашув фаолиятидаги иккинчи финал ҳисобланади. Ҳамюртимиз бунга қадар 2023/24-йилги мавсумда "Ал-Айн" ва "Йокоҳама Маринос" ўртасидаги финалнинг жавоб учрашувида ишлаган эди. Шунингдек, бугунги финал Танташев бригадаси учун жорий мавсумдаги саккизинчи тайинлов бўлди. Мундиалда ишлайдиган ҳакамимиз бунга қадар битта чорак финал, битта 1/8 финал ва бешта гуруҳ босқичи ўйинида ишлаган эди.

танташевввв.jpg


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: