

Хусусан, "Тезкор студия"нинг навбатдаги сонида таниқли спорт журналистлари Нодирхўжа Юлдашев, Толибжон Қосимов ҳамда Нарзулла Сайдуллаев мусобақадаги йирик ҳисоблар, терма жамоаларнинг тайёргарлик тизимидаги камчиликлар ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳдан чиқиш имкониятлари хусусида атрофлича фикр алмашдилар. Студияда янграган энг муҳим тезислар ва таҳлилий хулосаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Йирик ҳисоблар — иштирокчилар сони кўпайгани оқибатими?

Нодирхўжа Юлдашев: — Кўпчилик Жаҳон чемпионатида иштирокчилар сони 48 тага етказилгани боис йирик ҳисоблар қайд этилаётганини таъкидламоқда. Бироқ бундан аввалги форматларда ҳам бундай натижалар кузатилган. Масалан, ўз вақтида афсонавий Бразилия терма жамоаси ўз дарвозасидан 7 та гол ўтказиб юборган эди. Кеча статистикада қайд этганимдек, бу турнир тарихидаги 11-йирик ҳисоб сифатида муҳрланди. Яъни, учрашувларда 6 та ва ундан ортиқ тўп фарқи юзага келган ҳолатлар илгари ҳам бўлган.

Нарзулла Сайдуллаев: — Шу ўринда Кюрасао терма жамоасининг ўйинига эътибор қаратиш лозим, улар учун бу баҳс ҳақиқий байрамга айланди. Диққат қилинг, улар 0:6 ҳисобида ортда қолаётган пайтда эмас, балки ўйин бошида, 0:1 вазиятида мувозанатни тиклаб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтиришди. Бундай савиядаги мусобақада ушбу жамоа учун бу жуда катта муваффақиятдир.

Травмалар эпидемияси: Футболчиларни тайёрлашда қаерда хатога йўл қўйилмоқда?
Нодирхўжа Юлдашев: — Биз Осиё Кубоги арафасида ҳам айнан мана шундай муаммога дуч келган эдик. Йирик турнир яқинлашган сайин футболчиларимиз орасида жароҳат олиш ҳолатлари кескин кўпайиб кетади. Бу эса ички тизимда, яъни ўйинчиларни жисмоний жиҳатдан мусобақага тайёрлаш жараёнида муайян хатоликларга йўл қўйилаётганидан далолат беради.

— Бундан уч йил аввал Қатарда ўтган Осиё Кубогида ҳозиргидек кучсиз терма жамоалар йиғилмаган эди. Қизиғи шундаки, ўшанда ҳам Ҳусниддин Алиқулов ва Ҳожиакбар Алижонов айнан турнир олдидан жароҳат олганди. Элдор Шомуродов мусобақа бошлангунча сафдан чиққан бўлса, Игорь Сергеев бевосита турнир давомида шикастланди. Ўша даврда Жанубий Корея ва Япония ўзларининг энг яхши спорт формасида эмасди. Ҳозирга келиб эса Япония қитъанинг ҳақиқий гигантига айланди, Австралия ҳам таркибни сезиларли даражада ёшартириб, ўсишга эришди. Ўтган Осиё Кубогида эса улар анча заиф кўринган эди.
Ўзбекистоннинг имкониятлари: Навбатдаги рақиблар ва плей-офф математикаси.

Нодирхўжа Юлдашев: — Агар тўплар нисбати ижобий бўлса, ҳатто 3 очко билан ҳам гуруҳдан кейинги босқичга йўл олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун биз Колумбия ва Португалияга қарши баҳсларда юқори сифатли ўйин намойиш этишимиз талаб этилади. Одатда, энг яхши кўрсаткичга эга 3-ўрин соҳиблари ўз гуруҳларида 3 ёки 4 очко жамғаришади. Агар кейинги раундга йўлланма олсак, катта эҳтимол билан Англия терма жамоасига қарши майдонга тушишимиз мумкин.

Нарзулла Сайдуллаев: — Борди-ю, гуруҳдаги барча жамоалар 3 тадан очко жамғарса, кейинги ўринлар тўплар нисбати ҳамда футболчилар олган сариқ ва қизил карточкалар сонига қараб белгиланади. Кўрсаткичлар бунда ҳам тенг келиб қолган тақдирдагина, якуний қарор ФИФА рейтингига асосланган ҳолда қабул қилинади.

Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”



