“Ал Иттиҳод” устози: “Нефтчи”га қарши йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонишимиз мумкин эди”

27 окт 2026, 08:40
Саудия Арабистонининг “Ал Иттиҳод” клуби бош мураббийи Йенс Виссинг Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири 3-туридан ўрин олган “Нефтчи”га қарши учрашувдан (2:1) сўнг ўз фикрларини билдирди.

Германиялик мутахассис Фарғона жамоасига қарши баҳс осон кечмаганини таъкидлаб, шогирдлари йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониши мумкин бўлганини қайд этди.

“Кучли рақибга қарши қийин ўйин ўтказдик. Биринчи бўлимда айрим қийинчиликларга дуч келдик. Кўплаб голли вазиятлар яратдик ва улардан самаралироқ фойдаланишимиз мумкин эди. Ҳисоб янада йирикроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Бироқ энг муҳими — ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритдик”, — деди Виссинг.

Шунингдек, “Ал Иттиҳод” устози Жоржиньо Вейналдумнинг алмаштирилиши билан боғлиқ баҳсли вазият ва ҳакамнинг хатоси ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Ҳа, бу кичик хато эди. Хато қилиш ҳаммада бўлади, менда ҳам, ҳакамда ҳам. Мен учун энг муҳими — ўтказиб юборилган голдан кейин футболчиларнинг қандай муносабат билдиргани ва ғалабага эриша олгани. Бу вазиятда жамоамизнинг ҳам хатоси бор эди”, — деди мураббий.

“Ал Иттиҳод” ярим ҳимоячиси Ҳуссам Ауар ҳам “Нефтчи”га қарши учрашув мураккаб кечганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, кучли рақибга қарши ҳисобдаги ноқулай вазиятни ўзгартириш осон эмас. Футболчи жамоаси кўпроқ гол уриши керак бўлганини тан олган ҳолда, ўйинчиларнинг иродаси ва ғалабага бўлган интилишидан мамнун эканини билдирди.

Маълумот учун, “Ал Иттиҳод” Фарғонада бўлиб ўтган учрашувда “Нефтчи”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадаги илк ғалабасини қўлга киритди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia