

"Ар-Риёзия" нашрининг хабар беришича, жамоа бош мураббийи Йенс Виссинг 21 ёшгача бўлган футболчилар жамоасидан олти нафар ўйинчини асосий таркиб машғулотларига жалб қилган.
Улар Карим Ҳиндовий, Ёсин Ол Жобир, Ғассон Баабдуллоҳ, Муҳаммад Ҳазозий, Абдуллоҳ ас-Саҳлий ва Абдулмажид Айяшдир.
Германиялик мутахассис бундай қарорга жароҳатлар ва айрим футболчиларнинг миллий терма жамоалари ихтиёрига кетгани сабабли келган.
18 ноябрь куни "Ал-Иттиҳод" Жиддада биринчи дивизион вакили "Ал-Ула" билан ёпиқ ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голларга Жорж Иленихена ва Ян-Карло Симич муаллифлик қилди.
Шунингдек, узоқ вақт жароҳат сабаб майдонга тушмаган ҳимоячи Аҳмад Шараҳили ҳам мазкур баҳснинг иккинчи бўлимида иштирок этди. Мураббийлар штаби унинг жисмоний ҳолатини баҳолаб бормоқда.
"Ал-Иттиҳод"нинг малиалик ярим ҳимоячиси Муҳаммаду Думбия эса жамоавий машғулотларга босқичма-босқич қайтаётганига қарамай, ўртоқлик учрашувида иштирок этмади. Унинг тўлиқ тикланиши декабрь ойи охирида кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ал-Иттиҳод" ва "Пахтакор" ўртасидаги ОЧЛ Элит 5-тур учрашуви 23 ноябрь куни Жиддадаги "Ал-Инма" стадионида бўлиб ўтади.
Тўрт турдан кейин саудияликлар 4 очко билан Ғарб минтақаси мусобақа жадвалида 10-ўринда бормоқда.



