

Норвегия — Англия 1:2
Голлар: 1:0 – 36, Андреас Шельдеруп, 1:1 – 45+2, Жуд Беллингем, 1:2 – 90+3, Жуд Беллингем
Норвегия: 1. Эрьян Нюланд, 3. Кристоффер Айер, 5. Давид Мёллер Вольфе (16. Маркус Хольмгрен Педерсен, 90), 6. Патрик Берг, 7. Александр Сёрлот (22. Оскар Бобб, 68), 8. Сандер Берге, 9. Эрлинг Холанд (11. Йорген Странд Ларсен, 106), 10. Мартин Эдегор (С), 17. Торбьёрн Хеггем (4. Лео Эстигор, 91), 21. Андреас Шельдеруп (20. Антонио Нуса, 68), 26. Юлиан Рюэрсон (14. Фредрик Эурснес, 60)
Захира: 12. Сандер Тангвик, 13. Эгиль Сельвик, 2. Мортен Торсбю, 15. Фредрик Андре Бьёркан, 18. Кристиан Торстведт, 19. Тело Осгор, 23. Йенс Петтер Хауге, 24. Сондре Лангос, 25. Хенрик Фальхенер
Англия: 1. Жордан Пикфорд, 2. Эзри Конса (17. Морган Рожерс, 89), 3. Нико О'Райли (25. Жед Спенс, 86), 4. Деклан Райс (21. Эберечи Эзе, 46), 5. Жон Стоунз, 6. Марк Гехи, 8. Эллиот Андерсон, 9. Харри Кейн (С), 10. Жуд Беллингем (15. Дэн Берн, 111), 18. Энтони Гордон (24. Рис Жеймс, 71), 20. Нони Мадуэке (7. Букайо Сака, 46)
Захира: 13. Дин Хендерсон, 23. Жеймс Траффорд, 11. Маркус Рэшфорд, 12. Трево Чалоба, 14. Жордан Хендерсон, 16. Кобби Майну, 19. Олли Уоткинс, 22. Айвен Тоуни
Огоҳлантириш: Кристоффер Айер (117)
120+2' – УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ! Бош ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинди ва шиддатли, драмаларга бой бўлган баҳс ўз ниҳоясига етди.
Англия терма жамоаси экстра-таймда урилган гол эвазига Норвегия устидан 2:1 ҳисобида ғалабани илиб кетди. Норвегиянинг сўнгги дақиқалардаги тинимсиз ҳужумлари ва хавфли вазиятларига қарамай, инглизлар мудофаада мустаҳкам туриб, ушбу муҳим ғалабани сақлаб қолишга муваффақ бўлишди.
120' – Иккинчи экстра-таймнинг асосий вақти ҳам ўз ниҳоясига етди. Тўртта ҳакам учрашувга яна 2 дақиқа вақт қўшиб берилганини кўрсатди. Норвегия учун қутқарилувчи, Англия учун эса ғалабани сақлаб қолувчи сўнгги сониялар бошланди!
114' – Норвегия жамоасидан хавфли ҳужум! Захирадан майдонга тушган Оскар Бобб рақиб жарима майдончаси ичида тўпни ўзига бўйсундириб, қулай имкониятдан кучли зарба йўллади. Бироқ у томонидан тепилган тўп дарвоза тўсини устидан баландлаб чиқиб кетди. Мезбонлар ҳисобни тенглаштириш учун яна бир қулай имкониятни қўлдан бой беришди.
111' – Англия терма жамоасида ўзгариш. Гол муаллифи Жуд Беллингем майдонни тарк этди. Унинг ўрнига бош мураббий ҳимоячи Дэн Бернни ўйинга туширди. Инглизлар учрашувнинг сўнгги дақиқаларида мудофаани максимал даражада кучайтириб, ғалабали ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда.
109' – Норвегияликлардан ҳужум! Майдонда фаол ҳаракат қилаётган Патрик Берг қулай вазиятга чиқиб бориб, рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Бироқ тўп дарвоза тўсинидан анча баландлаб, ноаниқ ўтиб кетди. Мезбонлар вазиятдан унумли фойдалана олишмади.
106' – Иккинчи экстра-тайм бошланди. Норвегия терма жамоаси бош мураббийи сўнгги 15 дақиқалик учун таркибда ўзгаришга қўл урди. Бугун анча чарчаб қолган асосий ҳужумчи Эрлинг Холанд захирага олинди. Унинг ўрнига ўйинни Йорген Странд Ларсен давом эттирадиган бўлди. Мезбонлар бор кучлари билан ҳужумга ташланишмоқда.
105+3' – Биринчи экстра-тайм якунланди! Ҳакамнинг ҳуштаги чалиниб, қўшимча бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасига якун ясалди. Футболчилар майдоннинг ўзида қисқа танаффус қилиб, томонларни алмаштиришмоқда. Ҳозирча ҳисоб – 1:2, Англия олдинда. Тез орада ҳал қилувчи иккинчи экстра-тайм бошланади.
105' – Биринчи экстра-таймнинг асосий вақти якунланди. Ҳакам вазиятлар, хусусан, ВАР текшируви учун сарфланган вақтни инобатга олиб, биринчи қўшимча бўлимга яна 3 дақиқа вақт қўшиб берди. Кураш давом этади!
102' – ПЕНАЛЬТИ БЕКОР ҚИЛИНДИ! Вазиятга ВАР тизими аралашди. Бош ҳакам монитор ёнига бориб, вазиятни такрорий лавҳаларда диққат билан кўздан кечирди. Маълум бўлишича, бу ерда Норвегия ҳимоячилари томонидан қоида бузилмаган, аксинча, Жед Спенс ўзи рақиб билан тўқнашув келтириб чиқаришга уринган экан. Ҳакам 11 метрлик нуқтага белгиланган қарорини бекор қилди! Ўйин давом этади.
99' – ПЕНАЛЬТИ! Англия терма жамоаси ҳисобдаги фарқни ошириш учун жуда қулай имкониятга эга бўлмоқда. Чап қанотдан тезкорлик билан рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кирган Жед Спенс Норвегия ҳимоячилари томонидан йиқитилди. Бош ҳакам ҳеч қандай иккиланишсиз 11 метрлик нуқтани кўрсатди!
93' – ГООООЛ!!! АНГЛИЯ ОЛДИНДА!!! Меҳмонлар экстра-таймда ҳисобни ўзгартиришга муваффақ бўлишди. Захирадан ўйинга қўшилган Морган Рожерс рақиб дарвозаси томон кучли зарба йўллади. Норвегияликлар посбони Эрьян Нюланд тўпни қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Жуд Беллингем аниқ зарба билан уни дарвозага жойлаб қўйди – 1:2!
91' – Биринчи экстра-тайм бошланди! Ҳакам ҳуштагини чалди ва қўшимча 30 дақиқалик баҳсга старт берилди. Жамоалар майдондаги позицияларини сақлаб қолган ҳолда курашни давом эттиришмоқда. Кўрамиз, чарчоқ аломатлари сезилаётган ушбу дақиқаларда қайси жамоа ўз фойдасига вазиятни ҳал қила олар экан.
90+9' – Ҳакамнинг ҳуштаги чалинди! Учрашувнинг асосий ва қўшиб берилган вақти ҳам ўз ниҳоясига етди. Таблодаги ҳисоб – 1:1.
Жамоалар ғолибни аниқлай олишмади, демак, бизни олдинда яна 30 дақиқалик шиддатли кураш – ҳар бири 15 дақиқадан иборат иккита экстра-тайм кутмоқда! Бироз дам оламиз ва экстра-таймларни кутамиз.
90' – Учрашувнинг асосий вақти ўз якунига етди. Тўртта ҳакам томонидан иккинчи бўлимнинг асосий вақтига яна 7 дақиқа қўшиб берилди. Жамоаларда ғалаба тўпини киритиш учун ҳали етарлича вақт бор! Шиддатли дақиқалар бизни кутмоқда.
89' – Англия терма жамоаси бош мураббийидан сўнгги дақиқаларда ҳужумкор ўзгариш! Ҳимоячи Эзри Конса майдонни тарк этди. Унинг ўрнига ҳужумкор ярим ҳимоячи Морган Рожерс ўйинга қўшилди. Инглизлар ғалабани илиб кетиш учун бор кучлари билан олдинга интилишмоқда.
86' – Англия терма жамоаси таркибида навбатдаги ўзгариш. Бугун чап қанот ҳимоясида ҳаракат қилган Нико О'Райли ўз ўрнини Жед Спенсга бўшатиб берди. Мураббий учрашув сўнггида мудофаа чизиғини янгиламоқда.
85' – Норвегия терма жамоасидан навбатдаги ҳужум. Захирадан ўйинга қўшилган Антонио Нуса қулай нуқтага чиқиб бориб, дарвозани нишонга олди. Бироқ унинг йўллаган зарбаси кучсиз чиқди ва инглизлар посбони Жордан Пикфорд тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.
78' – Англиянинг жавоб ҳужуми! Букайо Сака қанотдан жарима майдончаси ичига жуда хавфли узатмани амалга оширди. Тўп дарвоза устунининг шундоққина ёнидан ўтиб кетди – югуриб келаётган Андерсон тўпга бироз ета олмай қолди. Акс ҳолда, дарвоза ишғол этилиши муқаррар эди.
76' – ХАВФЛИ ВАЗИЯТ! Норвегия терма жамоаси ҳисобни ўзгартиришга жуда яқин келди. Бурчак тўпидан сўнг ташкил этилган хавфли ҳужум натижасида Вольфе дарвоза томон бош билан зарба йўллади. Инглизлар бахтига, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди! Меҳмонлар муқаррар голдан қутилиб қолишди.
71' – Англия терма жамоаси бош мураббийи таркибни янгилашда давом этмоқда.
68' – Норвегия терма жамоаси бош мураббийи таркибда бир йўла иккита ўзгаришни амалга оширди. Майдонни бугунги гол муаллифи Андреас Шельдеруп ва ҳужумчи Александр Сёрлот тарк этишди.
Уларнинг ўрнига ўйинни Оскар Бобб ва Антонио Нуса давом эттирадиган бўлишди. Улар майдонга янги куч ва тезлик олиб кириши кутилмоқда.
60' – Норвегия терма жамоаси таркибида мажбурий ўзгариш. Жорий учрашувда жароҳат олган Юлиан Рюэрсон майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига ўйинни 14-рақамли футболчи Фредрик Эурснес давом эттирадиган бўлди.
55' – Вазият жиддий! Бош ҳакам ВАР тизимига мурожаат қилди ва монитор ёнига бориб вазиятни кўздан кечирди. Аниқланишича, бурчакдан тўп узатилаётган пайтда Эрлинг Холанд Англия ярим ҳимоячиси Андерсонни туртиб юборган экан. Ҳакам қоида бузилганини қайд этди – гол бекор қилинди! Бурчак тўпи қайтадан амалга ошириладиган бўлди.
55' – ГООООЛ!!! НОРВЕГИЯ ЯНА ОЛДИНДА!!! Мезбонлар бурчак тўпидан унумли фойдаланишди. Бурчакдан узатилган тўпга норвегиялик футболчи кучли зарба йўллади – Жордан Пикфорд дастлабки зарбани қайтаришга улгурди. Бироқ қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Торбьёрн Хеггем уни дарвозага жойлаб қўйди – 2:1!
52' – Норвегиядан кутилмаган хавфли ҳужум! Александр Сёрлот жарима майдончасининг ўнг бурчагидан ҳамма узатма кутган бир пайтда дарвозага кучли зарба йўллади. Бироқ Жордан Пикфорд сергакликни йўқотмади ва тўпни қайтариб юборишга эришди.
48' – Жарима зарбасини Эберечи Эзе ижро этди. Бироқ унинг йўллаган зарбаси жарима майдончаси ичида турган ўз жамоадошига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. Тўп норвегияликларга ўтмоқда.
46' – Харри Кейн рақиб жарима майдончаси яқинида ҳимоячилар томонидан йиқитилди. Бош ҳакам қоида бузилганини қайд этди – Англия терма жамоаси жуда хавфли нуқтадан жарима зарбасини амалга ошириш имкониятига эга бўлмоқда.
46' – Иккинчи бўлим бошланиши билан Англия терма жамоаси таркибида иккита ўзгариш амалга оширилди. Майдонни 20-рақамли футболчи Нони Мадуэке ва 4-рақамли Деклан Райс тарк этишди. Уларнинг ўрнига ўйинни 7-рақамли Букайо Сака ҳамда 21-рақамли Эберечи Эзе давом эттирадиган бўлишди.
46' – Иккинчи бўлим бошланди! Ҳакам ҳуштагини чалди ва бу сафар майдон марказидан тўпни Англия терма жамоаси футболчилари ўйинга киритиб беришди. Қани, кўрамиз, иккинчи бўлим бизга қандай совғалар тайёрлаган экан.
45+5' – Биринчи бўлим якунланди! Ҳакам жамоаларни танаффусга таклиф қилувчи ҳуштагини чалди.
Жозибали ва шиддатли кечган дастлабки 45 дақиқаликдан сўнг таблода жанговар дуранг – 1:1. Бироз дам оламиз ва иккинчи бўлимни кутамиз.
45+4' – Англия яна гол урди, аммо ҳисоб ўзгармади! Жуд Беллингемнинг ажойиб пасидан сўнг, Харри Кейн рақиб жарима майдончаси ичига кириб борди ва тўпни дарвозабон устидан “парашют” услубида ташлаб қўйди. Бироқ қанот ҳаками байроқчасини кўтарди – офсайд сабабли гол инобатга олинмади.
45+2' – ГООООЛ!!! АНГЛИЯ ҲИСОБНИ ТЕНГЛАШТИРДИ!!! Биринчи бўлим тугаши арафасида меҳмонлар муҳим голни уришмоқда. Жуд Беллингем катта тезликда рақиб жарима майдончаси ичига кириб борди ва чап оёқда дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди. Нюланд жамоасини қутқара олмади – 1:1!
45' – Биринчи бўлимнинг асосий вақти тугади. Бош ҳакам томонидан биринчи бўлимга 4 дақиқа вақт қўшиб берилди.
44' – Норвегияда жуда қулай имконият бой берилди! Мезбонларнинг икки ҳужумчиси Англиянинг биргина ҳимоячисига қарши вазиятда қолиб кетганди. Бироқ Александр Сёрлот қарор чиқариш ва зарба беришда кечикиб қолди, ваҳоланки қулайроқ вазиятда турган Эрлинг Холанд ундан пас кутаётган эди. Ҳимоячи хавфни бартараф этди.
40' – Меҳмонлар дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият! Мартин Эдегор қулай нуқтадан дарвозанинг яқин пастки бурчагини нишонга олди. Зарба аниқ ва хавфли чиқди, бироқ Жордан Пикфорд катта қийинчилик билан тўпни эгаллаб олишга эришди.
39' – Норвегия ҳисобни ошириши мумкин эди! Александр Сёрлот жарима майдончаси ичида қулай позицияга чиқиб борди ва чап оёқда кучли зарба йўллади. Бироқ унинг зарбасига бироз аниқлик етишмади – тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди.
36' – ГООООЛ!!! НОРВЕГИЯ ҲИСОБНИ ОЧМОҚДА!!! Кутилмаган ва ажойиб гол! Андреас Шельдеруп жарима майдончаси бурчагида тўпни қабул қилди. Ҳамма ундан узатма кутган бир вақтда, у дарвоза томон кучли ва аниқ зарба йўллади. Пикфорд бундай зарбани кутмаганди, тўп тўрга бориб тушди – 1:0!
33' – Ингилизлар ҳимоясида жиддий хато! Жон Стоунз тўпни узатишда хатога йўл қўйди, бироқ Эрлинг Холанд катта тезликда югуришига қарамай, тўпга ета олмади. Дарвозабон Жордан Пикфорд эпчиллик кўрсатиб, олдинга чиқди ва хавфни бартараф этди.
32' – Майдон марказида қоида бузилди. Энтони Гордонга нисбатан Юлиан Рюэрсон қўполлик ишлатди. Ҳакам ўйинни тўхтатиб, Англия фойдасига стандарт вазият белгилади. Меҳмонлар тўпни яна ўйинга киритишади.
29' – Хавфли вазият! Жарима тўпини Англия терма жамоаси сардори Харри Кейн ижро этди. Унинг дарвоза томон йўллаган жуда кучли зарбасидан сўнг тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
28' – Норвегия жарима майдончаси ёнида хавфли вазият! Кристоффер Айер ўз дарвозаси яқинида қоидани бузди ва Жуд Беллингемни йиқитди. Ҳакам вазиятга яқин эди ва дарҳол ҳуштагини чалди – Англия фойдасига жуда қулай нуқтадан жарима тўпи белгиланди.
23' – Англиянинг навбатдаги ҳужуми самарасиз якунланди. Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига узатилган хавфли пасни Нико О'Райли ўзига бўйсундира олмади.
16' – Энди Англия чап қанотдан ҳужум ташкил этди. Энтони Гордон тезлик билан олдинга интилиб, тўпни марказга, жарима майдончаси ичига узатди. Бироқ Норвегия ҳимоячиси ўз ўрнида ишончли ўйнаб, хавфни бартараф этди – тўп майдон ташқарисига чиқиб кетди. Меҳмонлар бурчак тўпини амалга оширишади.
7' – Ҳакам ўйинни тўхтатди. Англия терма жамоасининг навбатдаги ҳужумида Нони Мадуэке қанотда тўпни қабул қилаётган пайтда чизиқ ҳаками байроқчасини кўтарди – офсайд. Тўп мезбонларга топширилмоқда.
2' – Англия терма жамоасидан илк хавфли юриш. Нони Мадуэке ўнг қанотдан тезлик эвазига олдинга интилиб, жарима майдончаси ичига узатма амалга оширди. Бироқ узатма ноаниқ кетди.
1' – Ҳакамнинг ҳуштаги янгради ва ўйинга старт берилди! Учрашувни Норвегия терма жамоаси футболчилари марказдан бошлаб беришди. Қани кетдик!
Жамоалар яшил майдонга чиқиб келишди! Стадион узра икки давлатнинг миллий мадҳиялари янгради. Футболчилар мадҳияларни тинглаб бўлиб, бир-бирлари билан қўл бериб кўришишмоқда ва ўз позицияларини эгаллашга шайланишмоқда. Учрашув бошланиш арафасида!



