

У рақиб ким бўлишидан ёки турнир мақомидан қатъи назар "Ал Насср" менталитети доимо рақобат ва барча ўйинларда ғалаба қозонишга қаратилганини алоҳида қайд этди.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Анжело шундай деди:
"Биз — '“Ал Насср”миз ва майдонга тушганимизда, мақсадимиз доимо ғалаба қозониш бўлади".
Бразилиялик футболчи Осиё турниридаги дастлабки баҳсда жамоаси кутилган даражада ўйин кўрсата олмаганини тан олиб, хатолардан тўғри хулоса чиқариш ҳамда келгуси тўқнашувларда ўйинни кучайтириш устида ишлаш муҳимлигини таъкидлади.
"Элит ОЧЛдаги дастлабки баҳсимизда керакли даражада ҳаракат қила олмадик. Аввал таъкидлаганимдек, биз “Ал Насср” ва ҳар бир баҳсга ғалаба учун чиқамиз. Ҳар доим энг яхши ўйинимизни намойиш этишга ва мухлисларимиз кутаётган натижаларни қайд этишга интиламиз", – дея қўшимча қилди у.
Ўтган мавсум билан солиштирганда майдондаги позицияси ўзгаргани ҳақида тўхталар экан, Анжело бу ўзгариш мураббийлар штабининг тактик қарашлари билан боғлиқлигини ва ўнг ёки чап қанотда бўлишидан қатъи назар унга юклатилган вазифаларга мослашишга қодирлигини тушунтирди.
Қайси позицияда ўйнашни маъқул кўриши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у шундай деди:
"Шахсан мен учун қайси позициядалигим бир хилдек, бироқ мураббийларнинг қарашлари ва тактик режалари турлича бўлади. Мавсумни ўнг қанотда бошлаган эдим, ҳозирда эса чап томонда тўп ўйнаяпман, чунки мураббий мени ушбу қанотда самаралироқ ўйнай олади деб ҳисобламоқда".
Шунингдек, Анжело тактик мослашувчанлик "Ал Насср" ўйинининг муҳим жиҳатларидан бири эканини айтиб, ўйин услуби рақибнинг хусусиятига ва ҳар бир учрашув талабларига, шунингдек, футболчилар майдонда бажарадиган вазифаларга қараб ўзгаришини таъкидлади.
"Ўйин услуби рақибдан келиб чиқиб фарқланади. Ал Ҳайбарий ва Коста каби иқтидорли футболчилар билан ёнма-ён ўйнаш жамоа учун катта плюс. Ҳар бир баҳснинг рақиб табиатига кўра ўз талаблари ва алоҳида услуби бор", – деди футболчи.



