

Бу ҳақда “Le Parisien” маълум қилди.
ФИФАнинг 2024 йилги молиявий ҳисоботида Инфантинонинг даромади 4,6 миллион евро сифатида кўрсатилганди. Бироқ манбага кўра, ҳужжатда АҚШдаги 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ташкил этиш билан шуғулланган "FWC2026 US Inc" шўъба компаниясидан унга тўлаб берилган яна қарийб 1,5 миллион евро ҳақидаги маълумотлар акс этмаган.
Ушбу маблағлар Инфантинонинг Майамидаги харажатларини қоплаш учун ишлатилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
"Агар у ФИФАга алоқадор компаниялардан қўшимча тўловлар олса ва бу ҳақдаги маълумотлар ошкор қилинмаса, бу қоидаларнинг очиқ-ойдин бузилиши ҳисобланади. ФИФА низоми тўлиқ шаффофликни таъминлашни талаб қилади", – деди ФИФА бошқарув қўмитасининг собиқ раиси Мигель Мадуро ва мазкур ҳолат бўйича суриштирув ўтказишга чақирди.
Аввалроқ Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳамда Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатлари футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) FIFA Forward Enterprise лойиҳаси билан боғлиқ ҳолатда Инфантинони фирибгарликда айблаганди. ФИФА эса ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақидаги барча айбловларни рад этган.
Инфантино 2027 йил 18 март куни Рабатда бўлиб ўтадиган ФИФА президенти сайловида янги муддатга ўз номзодини қўйиш ниятида.



