"Навбаҳор" август ойидан Намангандаги "Марказий стадион"га қайтади

Aslanov Jasurbek
22 июл 2026, 13:37
Намангандаги "Марказий стадион"ни Суперлига талабларига мослаштириш ишлари якунига етди.

“Навбаҳор” август ойидан бошлаб уй учрашувларини ўз шаҳрида ўтказиш имкониятига эга бўлади.

Бунга қадар Тимур Кападзе шогирдлари уй учрашувларини Тошкентдаги “Олимпия” стадионида ўтказиб келаётганди. Мавсум стартидан бошлаб Навбаҳор Суперлига доирасидаги беш учрашувни Олимпияда ўтказиб, умумий ҳисобда 7 очко жамғаришга эришди. Мазкур стадиондаги ҳисоб бўйича олтинчи ўйин 23-июль куни Қизилқумга қарши ўтиши режалаштирилган.

4 июль куни Лига мутахассислари Наманганда бўлиб, стадионда амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча ишларни белгилаб берганди. 20 июль куни Марказий стадион қайта мониторингдан ўтказилди ва у расмий учрашувларни қабул қилиш учун тайёр деб топилди. Шундан келиб чиқиб, 2-август санасига режалаштирилган “Навбаҳор” — “Хоразм” учрашуви билан наманганликлар ўз стадионига қайтиш имкониятига эга бўлди.

Маълумот учун, айни вақтда “Марказий стадион”да кабеллаштириш ишлари давом этмоқда. Тез орада Намангандаги стадион мазкур масалада водийда “Истиқлол” стадионидан кейин кабеллаштирилган иккинчи стадионга айланиши кутилмоқда.

Изоҳ. “Марказий стадион” чими тўлиқ янгиланган. Бироқ иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, унда сентябрь ойи якунига қадар, яъни, майса ўзини тўлиқ тиклаб олгунигача айрим муаммолар кўзга ташланиши мумкин. Бундай ҳолат аввалроқ “Бобур арена” стадиони чими билан ҳам кузатилган бўлиб, кейинчалик иссиқ ҳаво массаси чекиниб бориши ҳамда мунтазам парвариш натижасида майса ўзини тўлиқ тиклаб олганди.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: pfl.uz

Сўнгги янгиликлар

Барча ›