

✅ "Нефтчи" — "Бухоро"
Ҳакам жарима майдони ичида тўп қўл билан ўйналгани учун пенальти белгилаб тўғри қилди. "Нефтчи" ҳимоячисининг қўли табиий бўлмаган ҳолатда ва танадан анча четда эди.
✅ "Нефтчи" — "Бухоро"
Ҳакам ушбу вазиятда тўғри қарор қабул қилди ва ўйинни давом эттирди. Ҳа, футболчиларнинг оёқлари ўртасида озгина контакт бор, аммо бу "Нефтчи" ўйинчисининг кейинги ҳаракатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган — у ўз ташаббуси билан йиқилган.
❌ "Нефтчи" — "Бухоро"
Дастлаб "Бухоро" ҳимоячисининг қўли табиий ҳолатда эди, аммо кейин у қўли билан тўп томон ҳаракат қилди. Бизнингча, пенальти — тўғри қарор.
✅ "Нефтчи" — "Бухоро"
"Бухоро" ҳимоячиси рақиб узатмасини муваффақиятли блок қилди: тўп аввал ҳимоячининг танасига, сўнг қўлига тегди. Ўйинни давом эттириш — тўғри қарор.
✅❌ "Нефтчи" — "Бухоро"
Фикримизча, ушбу вазиятда спортчига хос бўлмаган хулқ-атвор учун ҳар иккала футболчига сариқ карточка кўрсатиб тўғри қилинди.
P.S. Бош ҳакам якунда ушбу вазиятдан сўнг келиб чиққан тортишув учун Жамшид Искандеров ва Хуршид Мухторовни сариқ карточка билан жазолади. Умид Ҳамроев сариқ карточка олмади.
❌ "Бунёдкор" — "Насаф"
Ушбу вазиятда VAR қарорига қўшиламиз. Рақиб юзига тирсакнинг ўткир қисми билан ортиқча куч ишлатилган ҳолда аниқ зарба берилганини кўришимиз мумкин. Бизнингча, қоида жиддий тарзда бузилгани учун "Насаф" футболчисига қизил карточка кўрсатиш керак эди.
✅ "Навбаҳор" — ОКМК
Ушбу вазиятда биз голни ҳисобга олган ҳакамлар бригадасининг қарорига қўшиламиз. Ҳужум қилаётган футболчи томонидан ҳеч қандай қоидабузарликни кўрмаяпмиз. Шунингдек, тўп майдон ташқарисига тўлиқ чиқиб кетмаган, ҳакам ёрдамчиси идеал позицияда турганди, ОКМКнинг голи тўғри ҳисобга олинган.
❌ "Пахтакор" — "Локомотив"
Бу ва шунга ўхшаш вазиятларда истиқболли ҳужумни узиб қўйганлик учун "кечиктирилган сариқ карточка" принципи қўлланиши мумкин эмас, чунки бу ўринда афзаллик принципи ишлатилмоқда. Аммо қўпол ўйин учун сариқ карточка кўрсатилиши мумкин. Ушбу эпизодда "Локомотив" ҳимоячиси мулоҳазасиз тарзда курашга киришди ва қўпол ўйин учун сариқ карточкага лойиқ эди, ўйин тўхтаганида уни огоҳлантириш лозим эди.
❌ "Андижон" — "Сурхон"
Бизнинг чизиқларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ҳужумчи тўпга тегинган лаҳзада гол урган футболчи ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган. "Сурхон"нинг голи бекор қилиниши керак эди.

Шу тариқа, Суперлиганинг 12-тур ўйинларида ҳакамлар 5 та хатога йўл қўйишди. Улардан баъзилари якунда ўйинлар натижасига бевосита таъсир кўрсатди:
• "Насаф" 52-дақиқада, ҳисоб 1:1 бўлиб турганда бир киши кам бўлиб қолиши керак эди. Якунда қаршиликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди, майдондан четлатилиши керак бўлган Отубанжо эса жамоасининг иккинчи голида иштирок этди ва учинчи голни уриб кетди;
• "Сурхон" "Андижон"га ғалаба голини офсайддан урди.



