

6-тур
❓ "Локомотив" – "Хоразм"
Ушбу вазиятда офсайд чизиғи тўп бўйлаб тортилади. Афсуски, тақдим этилган ракурсда тўпнинг ўзини кўрмаяпмиз. Офсайдни фақат тахмин қилиш мумкин, аммо 100 фоиз ишонч билан айтиб бўлмайди. Идеал ҳолатда, агар қанот ҳакамининг хатосига далил бўлмаса, унинг қарорини қўллаб-қувватлаш керак. Мисол тариқасида, ВАР марказларида ҳакамлар ишлатадиган дастурга ўхшаш ўзимизнинг дастуримиз орқали чизиқларни тортиб кўрдик. Улар орқали тўп қаерда жойлашганини исталган жойда "тахмин қилиш" мумкинлигини кўряпмиз. Ушбу ракурс шунчаки етарли маълумот бермайди ва у бўйича чизиқ тортиш мумкин эмас.
❓ "Локомотив" – "Хоразм"
Яна шундай вазиятки, тақдим этилган ҳар икки ракурс ҳам бош ҳакам хато қилганига ҳеч қандай далил бермайди. Оқ либосдаги футболчининг орқа томонидан тўп ва қўлнинг тегиши кўринмаяпти, шунинг учун ҳакам хато қилди деб айта олмаймиз.
✅❌ "Машъал" – "Бунёдкор"
Тўп ўйинда бўлмаган бир пайтда “Машъал” ўйинчиси қўлини букиб, рақибининг қорнига тирсаги билан атайин зарба беради. Бизнингча, ҳакам футболчини майдондан четлатиб, тўғри қарор қабул қилган. Бироқ “Бунёдкор” ўйинчисига ҳам ғайриспортча хатти-ҳаракати (рақибни провокацияга чорлагани) учун сариқ карточка кўрсатилиши керак эди.
✅ "Машъал" – "Бунёдкор"
Бизнингча, ушбу вазиятда ҳакам тўғри қарор чиқарди. Тўп анча вақт ҳавода учиб, юқоридан “Машъал” футболчисининг қўлига келиб тушди. Қўл гавдадан табиий ҳолатда бўлмагани учун пенальти белгилангани – тўғри қарор.
❌ "Қўқон-1912" – "Насаф"
Бу вазиятда ҳакам хатога йўл қўйди: у на фолни қайд этди, на истиқболли ҳужумни бузгани учун “Насаф” ҳимоячисига сариқ карточка кўрсатди. Бизнингча, ВАР тўғри аралашмади, чунки тақдим этилган барча ракурсларда қоидабузарлик жарима майдончаси ташқарисида содир бўлгани яққол кўриниб турибди. Такрорий лавҳаларда ҳимоячининг рақиб оёғига зарба берган чап оёғи жарима майдончаси чизиғидан ташқарида эканлиги акс этган.
❌ "Қўқон-1912" – "Насаф"
Вазият баҳсли, аммо биз учун бу пенальти эмас. Нима содир бўлганини тушуниш учун энг яхши ракурс – ҳужумчининг орқа томонидан олингани. "Насаф" дарвозабони тўпга ўйнаяпти, уни ўзидан чапга қайтаряпти, шундан сўнг тўқнашув содир бўлмоқда. Бундай тўқнашувларда биз доимо бир саволга жавоб беришимиз керак: бу тўқнашув ташаббускори ким? Менимча, бу ерда ташаббускор "Қўқон-1912" ҳужумчиси эканлиги аниқ. У дарвозабон томон ҳаракат қилди ва дарвозабон тўпга ўйнаган ҳудудга келиб урилди.
Шу билан бирга, дарвозабон қоидабузарликка олиб келиши мумкин бўлган қўшимча ҳаракатлар қилмаган. Дарвозабоннинг қўли ва ҳужумчининг оёғи ўртасидаги тўқнашув дарвозабон майдонда ётган пайтида содир бўлган. Аслида, голкипер юзини ҳужумчининг оёғидан ҳимоя қилиш учун қўлини олдинга чиқарган. Бу фол эмас, ҳимоя чораси. Голкипер томонидан қилинган бу қўл ҳаракати ҳужумчининг тўпга етиб боришига тўсқинлик қилиш мақсадида қилинган деб ҳисобламайман. Шунинг учун бу ерда фол кўрмаяпман. Дарвозабон ўз ишини қилди, тўпни қайтарди, шундан сўнг ҳужумчи бошлаган тўқнашувдан ҳимояланди.
✅ "ОКМК" – "Сурхон"
Ушбу вазиятда ҳакам, бизнингча, "Сурхон" футболчисига сариқ карточкани тўғри кўрсатди. Дастлаб у дарвозабон билан тўп учун кураш олиб борди, аммо дарвозабон тўпни эгаллаб олганидан кейин ҳам у бу курашни давом эттиришга қарор қилди ва дарвозабонга зарба бериб юборди. "Сурхон" ўйинчисининг ҳаракатларида ўта тажовузкорлик ёки кучли зарба йўқ эди, шунинг учун бу қизил эмас, сариқ карточка.
✅ "Нефтчи" – "Пахтакор"
Баҳсли вазият. "Нефтчи" ўйинчиси узатмани амалга оширади, шундан сўнг подкат ташлаб ўйнашга ҳаракат қилаётган рақиб билан тўқнашув содир бўлади. Фикримизча, ўйинчи тўпни узатганидан кейин муқаррар тўқнашув юз беради. "Нефтчи" футболчиси ҳеч қандай қўшимча ҳаракат қилмаяпти, шунчаки тормозланяпти, шунинг учун, назаримизда, уни жазолашга асос йўқ. Тўғри қарор – ўйинни давом эттириш.
7-тур
✅❓ "Динамо" – "Локомотив"
Қўшимча ракурсларсиз вазиятга баҳо бериш жуда қийин. Бироқ қўлимиздаги маълумотларга асосланиб, ҳакам тўғри қарор қабул қилган ва ўйинни давом эттирган деб ҳисоблаймиз. Оёқлардаги тўқнашув бўлган тақдирда ҳам, у унчалик кучли эмас эди. "Динамо" ўйинчиси ҳаракатни якунлагандан кейин йиқилди, ушбу вазиятда рақиб томонидан бирор-бир қўполликни кўрмадик.
Четлатишга келсак, яна шуни айтиш керакки, ушбу видеоёзув орқали қандайдир хулосалар чиқара олмаймиз ва ҳакам хато қилди деб тасдиқлай олмаймиз. Демак, бош ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз.
✅ "Насаф" – "Бухоро"
Агар охирги такрорий лавҳани кўрсак, "Насаф" дарвозабони тўпга ўйнаётгани яққол кўринади. Бу эса ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилганини англатади.
✅ "Насаф" – "Бухоро"
Ҳар иккала ўйинчи тўп учун одатий кураш олиб бормоқда, бунинг учун уларнинг ҳеч бирини жазолай олмаймиз. Нима бўлганда ҳам футбол – контактли спорт тури. Бу ерда "Бухоро" футболчиси томонидан фол йўқ. Бош ҳакам ўйинни тўғри давом эттирган.
✅ "Қизилқум" – "Сўғдиёна"
Ҳа, вазият осон эмас, лекин биз икки жамоа футболчилари ўртасидаги тўқнашув эпизоднинг кейинги ривожига жиддий таъсир кўрсатмаган деган фикрдамиз. Ўйинда бундай "тортишишлар" ва тўқнашувлар кўп учрайди, шунинг учун ҳакам тўғри қарор қабул қилиб, ўйинни давом эттирган деб ҳисоблаймиз.
✅ "Бунёдкор" – "Нефтчи"
"Нефтчи" ўйинчиси рақибга қараб ўйнамаяпти, шунчаки юқорига сакрамоқда. Тўғри, ҳавода тўқнашув содир бўлмоқда, лекин бу мутлақо одатий ва "ўйин" доирасидаги ҳолат. "Нефтчи"нинг голи тўғри ҳисобга олинган.



