Миср терма жамоасидан Жаҳон чемпионати олдидан либослар дизайнини ўзгартириш талаб қилинди

Iskandarov Abdulaziz
13 июн 2026, 19:25
Яна бир терма жамоа билан мана шундай муаммо юзага келди.

Миср миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати старти олдидан ўйин либослари дизайнига ўзгартириш киритишга мажбур бўлди. Африкалик инсайдер Майки Жуниорнинг хабар беришича, ФИФА Миср томонидан эмблема устидаги юлдузларни олиб ташлашни ва либосдаги ранглар уйғунлигини тўғирлашни талаб қилган.

Миллий ассоциация логотипи тепасидаги еттита юлдуз Миср терма жамоасининг Африка Миллатлар Кубогидаги зафарларини англатади. Бироқ, ФИФА регламентига кўра, Жаҳон чемпионати учрашувларида фақатгина дунё биринчилигида ғолиб чиққан жамоаларгагина эмблема устига юлдуз қўйишга рухсат берилади. Қитъа чемпионлиги учун юлдуз тақиш мундиал қоидаларига зид ҳисобланади. Шунингдек, халқаро ташкилот либослардаги футболчиларнинг фамилияси ва рақамлари олтин рангда ёзилганига ҳам эътироз билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Миср терма жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг «G» квартетида Белгия, Эрон ва Янги Зеландия терма жамоалари билан кураш олиб боради.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф