Миржалол Қосимов: "Футбол – шахмат эмас, майдонда тезроқ қарор чиқариш керак"

Aslanov Jasurbek
8 ноя 2026, 19:46
Суперлиганинг 27-туридан ўрин олган "Нефтчи" – ОКМК (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин хусусидаги фикрларингизни билдирсангиз.
– Бугун ажойиб, шиддатли ва қизиқарли ўйин гувоҳи бўлдик. Учрашув мухлисларга манзур бўладиган тарзда, кескин курашларга бой ўтди. Биз ғалаба қозонишни жуда хоҳлаган эдик, бироқ футбол шуниси билан ҳам қизиқ. Биринчи ва иккинчи бўлимларда гол уриш учун кўплаб имкониятларимиз бўлди, аммо улардан унумли фойдалана олмадик. Футболнинг ёзилмаган қонуни бор: сен гол урмасанг, сенга уришади. Бу ҳолат йигитлар учун ҳам катта тажриба мактаби ва сабоқ бўлди. Энди бир-икки кун ҳордиқ чиқариб, кейинги режалар устида ишлаймиз.

– Легионер Иван Пешич жуда яхши ҳаракат қилди. Унинг клуб билан тузган шартномаси ҳақида маълумот берсангиз.
– Унинг клубимиз билан йил охирига қадар мўлжалланган шартномаси мавжуд.

– Бошқа клублардан таклиф тушса, унинг трансфер қилиниши ва жамоадан кетиши эҳтимоли борми?
– Уни сотиб олмоқчимисиз? Ундай бўлса, буни муҳокама қилишимиз мумкин. Агар жиддий айтадиган бўлсам, менинг билишимча, қонун-қоидаларга кўра, шартнома якунланишига ярим йил қолганида бундай музокараларни олиб боришга рухсат этилади. Батафсил маълумотни унинг ўзидан сўраганингиз маъқул.

– Биринчи бўлимда Турдиалиев иштирокида иккита жуда хавфли вазият юзага келди...
– Ҳатто учта вазият бўлди. Биринчи бўлимнинг ўзида 4 та юз фоизлик голли вазият яратилди. Бундан ташқари, Папава ҳам гол ура олмади ва Ботирали Эргашев яхши ҳимояланди.

– Сизлар бугун 5 нафар ҳимоячи тактикасида ўйнадингларми?
– Йўқ, биз 5 нафар ҳимоячи билан ўйнаганимиз йўқ, балки 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаландик. Агар бешта ҳимоячи билан ўйнаганимизда, бунча кўп ҳужумкор вазиятлар қаердан келиб чиқар эди? Биз ҳужумга ўтганимизда, позицион жиҳатдан Папава учинчи марказий ҳимоячи вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Футболда тактик схемалар доимо мослашувчан бўлиши талаб этилади. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда шундай ҳаракат қилинди, аммо асосий схемамиз 4-2-3-1 кўринишида бўлди.

– Тактика ёки схема нуқтаи назаридан олиб қараганда, ҳужумкор футбол кўрсатадиган жамоага қарши тўп суриш қийинроқми ёки ҳимоявий услубдаги жамоагами?
– Ҳужумкор футбол ўйнайдиган жамоага қарши баҳс олиб бориш анча осонроқ. Агар рақиб "автобус қўйиб" (ўта ҳимоявий тактика танлаб) олса, биринчи навбатда, уларнинг зич мудофаасини ёриб ўтиш жуда мураккаб кечади. Албатта, бу рақибнинг қандай ҳимояланишига ҳам боғлиқ. Иккинчи томондан, ҳужумга ўтган пайтингизда орқа чизиқларда бўшлиқлар юзага келади ва рақиб учун очиқ ҳудудлар пайдо бўлади. Агар уларнинг сафида бир-икки нафар тезкор футболчи бўлса, қарши ҳужумда қочиб кетиши осонлашади. Шу сабабли ҳам ёпиқ футбол ўйнайдиган жамоага қарши тўп суриш қийинроқ. Мен шахсан очиқ ва мухлисларбоп футбол тарафдориман – худди бугунги учрашув каби. Тўғри, фақат ҳимояга таяниб ўйнаб ҳам кўзланган мақсадга эришиш мумкиндир, бироқ бундай ёндашув доим ҳам кафолатланган натижани бермайди. Шу боис мен доимо очиқ курашларга бой, шиддатли, қизиқарли ва томошабинларга завқ бағишлайдиган ҳужумкор футболни афзал кўраман.

– ОЧЛ Элит ва Чемпионлар лигаси мусобақаларида иштирок этаётган клубларимиз, хусусан, "Пахтакор", "Насаф" ва бугунги рақибингиз бўлмиш "Нефтчи"нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Уларнинг гуруҳдан чиқишини жуда ҳам хоҳлаган бўлар эдим. Чунки бу нафақат Фарғона ёки Тошкентнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг юзи ҳисобланади. Бундай нуфузли мусобақаларда "Нефтчи", "Пахтакор" ёки "Насаф" иштирок этишидан қатъи назар, улар ички чемпионатимизда бизга рақиб бўлса-да, халқаро майдонда уларга мухлислик қиламан ва ғалаба қозонишларини тилайман. Гуруҳдан чиқиш ёки чиқмасликни вақт ва футбол кўрсатади. Масалан, куни кеча Эрондаги ўйинда 2:1 ҳисобида олдинда боратуриб, ғалабани қўлдан бой беришди. Агар жамоаларимиз кўпроқ очко жамғариб, мамлакатимиз учун квоталар сонини оширса, мен бундан фақат хурсанд бўламан.

– Келажакда Миржамол Қосимов ҳам дадаси каби мураббий бўлиши мумкинми?
– Бу саволни унинг ўзидан сўраганингиз маъқул. Бу ҳақда аниқ бир фикр билдиришим қийин, у сизга аниқроқ жавоб бера олади.

– ОКМК жамоаси охирги ўйинларда жуда яхши ҳаракат қилмоқда. Бугунги учрашувда ҳам жамоа ҳимояда ва ҳужумда ўзини кўрсатди. Чемпионатдаги ҳолат ва натижалар аниқ бўлиб улгурди. Келгусидаги кубок баҳсларида жамоангизга омад тилаймиз ва йигитлар руҳан тушкунликка тушмайди, деб умид қиламиз.
– Бу ўйин биз учун катта тажриба бўлди. Биз йўл қўйилган хатоларни ўрганиб чиқиб, йигитларга тушунтирамиз. Футболда кўпинча жуда оддий вазиятларда хатоларга йўл қўйилади. Таъкидлаганимдек, футболда энг қийин нарса – бу оддий ўйнашдир. Биз кераксиз вазиятларда тўпни йўқотдик. Масалан, Азиз дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борганда, ёнида икки нафар шериги бўш дарвоза қаршисида очиқ турган эди. Агар у тўпни шерикларига узатганида, гол бўлар ва шу билан ўйин тақдири ҳал этилар эди. Ушбу вазиятдан сўнг, рақиб жамоаси "Нефтчи" руҳий жиҳатдан уйғонди ва кўп ўтмай бизнинг дарвозамизга гол урди. Футбол шундай ўйинки, яратилган вазиятлардан унумли фойдаланиш зарур. Шунингдек, дарвозабонимиз Валижоннинг оддий хатоси ҳам қимматга тушди. Бу каби ҳолатларда тезроқ фикрлаш ва тўғри хулоса чиқариш талаб этилади. Футбол бу шахмат эмас, майдонда ўз вақтида тўғри қарор қабул қилиш керак. Йигитлар мана шундай оддий, аммо ўйин тақдирини ҳал қилувчи жиҳатларга эътибор қаратишлари лозим. Омад ва яхши тилаклар учун раҳмат, саломат бўлинглар.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia