Миржалол Қосимов: "Афсус, иккита осон голни ўтказиб юбордик"

Aslanov Jasurbek
4 авг 2026, 00:12
Суперлига 15-туридан ўрин олган ОКМК – "Насаф" (1:2) учрашувидан кейин ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Насаф" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Қийналиб гол урдик, лекин иккита осон голни ўтказиб юбордик. Шу кўпроқ алам қиляпти. Аммо хурсанд қиладиган жиҳат ҳам бор: охиригача курашиш, мухлислар учун охиригача ўйнаш - шуларни унутиб қўймадик. Хатоларни кўриб чиқамиз.

"Насаф" аввалги учрашувни тўрт нафар ҳимоячи билан ўтказганди, бизга қарши бешта ҳимоячи билан ўйнади. Буни кутгандик ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Афсус, икки бор осон голни ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлимда ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик, лекин ҳисобни тенглаштира олмадик. Ҳар доим ҳам чиройли ўйин ғалаба келтиравермайди, буниям тушуниш керак. Футболчиларимиз қўлдан келганча ўйнашди, ишлашда давом этамиз.

- Бугун ОКМКга аниқлик етишмадими?
- Агар юзага келган вазиятларнинг 10 фоизидан фойдаланганимизда мағлубият бўлмасди.

- Иккинчи бўлимда бошқа ОКМКни кўрдик, аммо камбэк содир бўлмади?
- Шу ўринда рақибимиз "Насаф" эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак. "Насаф" яхши жамоа, бугун оддий рақибга ютқазмадик. Вазият яратиб берсангиз улар яримта имкониятдан фойдалана олади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia