Миодраг Радулович: "Омад кулиб боққанида, "Пахтакор" кеча чемпионни таслим этарди"

Iskandarov Abdulaziz
15 сен 2026, 11:35
"Пахтакор" Элит ОЧЛ мусобақасидаги юришини сафарда амалдаги чемпион — "Ал Аҳли"га қарши ўйин билан бошлади ва мазмунли ўйин кўрсатиб, муҳим очкони қўлга киритди.

Сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров тошкентликларнинг собиқ бош мураббийи, черногориялик мутахассис Миодраг Радулович билан "шерлар"нинг мазкур беллашувдаги иштироки ҳақида фикр алмашди.

"Кеча "Пахтакор" жуда кучли рақибга қарши учрашувда юқори тартиб-интизом, майдондаги мустаҳкам ташкилотчилик, сабр-тоқат ҳамда юқори тактик ўйин намойиш этди. Жамоа жуда тартибли ва жипслашиб ҳаракат қилди, ҳужумга ўтиш фазаларида эса таҳдид сола олди.

Тўғри, "Ал Аҳли" ташаббусга, тўп назоратига ва кўпроқ имкониятларга эга бўлди, аммо уларнинг ҳужумларида ижодкорлик ҳамда аниқлик етишмади.

Элит ОЧЛдаги бундай старт — жуда яхши натижа. Бу, шубҳасиз, жамоага кейинги баҳслар олдидан қўшимча ишонч ва куч бағишлайди. Ҳатто бироз омад кулиб боққанида, "Пахтакор" ғалабани ҳам қўлга киритиши мумкин эди, чунки мезбонлар мувозанатни фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалардагина тиклашди.

Мен "Пахтакор" ўйинларини доимо кузатиб бораман, чунки бу клуб ва унинг мухлислари билан боғлиқ энг гўзал хотираларим бор. Жамоани ушбу муҳим очко ва муносиб ўйин билан табриклайман, мусобақанинг қолган қисмида уларга омад ёр бўлишини тилайман".

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia