

"Финалдан кейин ўтган вақт мобайнида, узоқ ўйланганимдан сўнг, ҳаммага шуни маълум қилмоқчиманки, мен миллий терма жамоадаги фаолиятимни якунлаяпман... Бу оғриқли қарор, лекин мен ҳозир энг тўғри вақт эканлигини тушуниб турибман. Қасам ичаманки, мен ҳар доим бор кучимни берганман, нафақат биз ҳамма нарсани ютган сўнгги йилларда, балки ундан олдин ҳам. Мен ҳар доим курашганман ва бу либос учун боримни берганман, сизларга қувонч улашиш ва футбол орқали аргентиналик эканлигингиздан фахрланишингизни таъминлаш учун ҳаракат қилганман. Вақт оз қолди, китоб боблари ёпилмоқда ва сўнгги боб менга қаттиқ оғриқ беряпти. Мен миллий терма жамоада бўлишни яхши кўрардим, яхши кўраман ва доим шундай бўлиб қолади. Бор кучимни бердим; энди берадиган ҳеч нарсам қолмади, қолаверса, ортимдан жуда иқтидорли ёш ўйинчилар келмоқда, улар у ерда бўлишга лойиқ. Бу 20 йил давомидаги барча муҳаббат учун раҳмат.
Энди мен сизлардан бири бўламан, ҳар доим сизларни четдан туриб қўллаб-қувватлайман (ҳам яхши, ҳам ёмон кунларда, айниқса). Оила аъзоларимга ҳар доим ёнимда бўлганлари, бу гўзал, аммо қийин йўлда ҳамроҳлик қилганлари учун раҳмат. Мен билан бирга бўлиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир мураббий, жамоадош ва менежерларга раҳмат. Мен ўзим билан унутилмас хотиралар ва лаҳзаларни олиб кетяпман. Сизларга ва жамоадошларимга эртакнамо лаҳзаларни ҳадя этганимдан хотиржамлик ва ғурур туйғуси билан кетяпман. Буларнинг барчасини сизлар билан бирга бошдан кечириш ақл бовар қилмас эди.
Сизларни яхши кўраман! Мени аргентиналик қилганинг учун сенга раҳмат, Худойим. Олға, Аргентина!
Мен бу сўзларни 21 июль куни, финалдан икки кун ўтиб ёзган эдим. Отам билан содир бўлган воқеадан кейин эса, бунга янада кўпроқ амин бўлдим", — деб ёзди Месси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Аргентина терма жамоаси таркибида Месси 2022 йилги жаҳон чемпиони, 2021 ва 2024 йилги Америка кубоги соҳиби, 2022 йилги Финалиссима ғолиби ва 2008 йилги Олимпиада чемпиони.



