

Бу ҳақда L'Équipe нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, "қизил-кўклар" "Борнмут"нинг 19 ёшли франциялик ҳужумчиси Эли Крупига қизиқиш билдирмоқда. Бироқ "олчалар" бир йил аввал ҳимоячи Илья Забарнийни сақлаб қололмаганидан кейин, иқтидорли форвард учун юқори нарх талаб қилишмоқчи. Крупининг ўзи айнан Альваресга муқобил вариант ҳисобланади ва бу номзод бош мураббий Луис Энрике ҳамда спорт директори Луиш Кампуш томонидан маъқулланган. Футболчи ва унинг атрофидагилар ҳам топ-клубга ўтиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, парижликлар параллел равишда "РБ Лейпциг"нинг ўнг қанот вингери Ян Диоманда ва "Монако"нинг қанот ҳужумчиси Магнес Аклиуш трансфери бўйича музокаралар олиб бораётгани таъкидланмоқда. Дарвозабон Люк Шевалье жамоани тарк этган тақдирда, клуб "Порту" голкипери Диогу Кошту номзодини кўриб чиқади.
Жорий мавсумда Крупи "Борнмут" сафида 35 та ўйин ўтказиб, 13 та гол урди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил қилади. Клуб билан шартномаси 2030 йилгача амал қилади. Диоманда ҳисобида 36 та ўйин, 13 та гол ва 10 та голли узатма бор. Кот-д'Ивуар терма жамоаси вингерининг тахминий баҳоси — 90 миллион евро. Унинг Германия клуби билан шартномаси 2028 йилнинг ёзида якунига етади. Аклиушнинг монегасклар билан келишуви ҳам икки мавсумдан кейин тугайди. Франциялик футболчи 43 та ўйинда 7 та гол урди ва 11 та голли пас берди. Футболчининг бозор қиймати — 50 миллион евро.



