

Бош мураббий Фабио Каннаваро Колумбияга қарши дебют учрашуви учун бошланғич таркибни эълон қилди. Таркибдаги танловлар италиялик мутахассиснинг рақиб кучини қандай баҳолаётгани ва майдонда қандай тактикага таянажагидан дарак бермоқда.
Қуйида “оқ бўрилар” нинг ЖЧ тарихидаги илк ўйин учун танлаган таркиби, тактик юришлари ва кутилаётган Б планларини таҳлил қиламиз.
1. Дарвозада барқарорлик: Ўткир Юсуповга ишонч собит
Постда кутилганидек ҳеч қандай кутилмаган ўзгариш йўқ. Терма жамоанинг биринчи рақамли посбони Ўткир Юсупов яна стартда. Сўнгги йиллардаги барқарор ўйинлари ва халқаро тажрибаси билан Юсупов мураббийлар штабининг мутлақ ишончини қозониб бўлган. Колумбиянинг тезкор ва кучли зарбаларга эга ҳужумчиларига қарши баҳсда Ўткирнинг сейвлари ва ҳимояни бошқариши биз учун сув ва ҳаводек зарур.
2. Таркибдаги энг катта сюрприз: Луис Диасга қарши 18 ёшли Беҳруз Каримов!
Энг кўп баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлган позиция — ўнг қанот ҳимояси бўлди. Канада ва Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувларида Каннаваро бу чизиқда Фаррух Сайфиевни синаб кўрган, қолаверса, жароҳатидан тузалган Ҳожиакбар Алижоновнинг сафга қайтгани ҳам тахминларни ўзгартириб юборган эди.
Bироқ италиялик мутахассис кутилмаган ва жасур қарорга қўл урди: ўнг қанот 18 ёшли Беҳруз Каримовга ишониб топширилди! Бу жуда катта таваккал ва шу билан бирга ёш иқтидорга улкан ишонч. Сиз билан биз яхши биламизки, Колумбиянинг энг хавфли қуроли — “Бавария” юлдузи Луис Диас айнан шу қанотдан ҳамла қилади. Каримов майдондаги барча 90 дақиқа давомида тиним билмай ҳаракат қилиши, Диасга бўш ҳудуд қолдирмаслиги лозим. Бу ёш ҳимоячи учун фаолиятидаги энг катта имтиҳон бўлади. Бу орқали у скаутлар эътиборини тортиши ҳам мумкин.

3. Марказий ҳимоя жумбоғининг ечими: Абдуллаевнинг универсаллиги
Абдуқодир Ҳусанов ва Рустам Ашурматовнинг ёнида учинчи марказий ҳимоячи ким бўлиши ҳам ЖЧ олдидан катта жумбоқ эди. Номзодлар орасида Умар Эшмуродов ва Жаҳонгир Ўрозов бор эди, аммо Каннаваро Абдулла Абдуллаев вариантида тўхталди.
Бу танлов замирида чуқур тактик мантиқ ётибди. Абдуллаев нафақат ҳимояда ишончли, балки керак бўлган вазиятда майдон марказига кўтарилиб, таянч ярим ҳимоячиси ролини ҳам бажара олади. Бу ўйин давомида тактикани 4-3-3 га осонгина трансформация қилиш имконини беради. Албатта, бу ўйиндан келиб чиқиб амалга ошириладиган юриш ҳисобланади.
4. Марказдаги мустаҳкам “девор”: Шукуров ва Мозговой
Таянч зонасида Отабек Шукуровнинг ёнида ким ҳаракат қилиши муҳим эди. Жароҳатидан тўлиқ тикланиб улгурмаган Одилжон Ҳамробеков борасида мураббийлар штаби таваккал қилиб ўтирмади. Унинг ўрнига Нидерландия билан баҳсда ўзини кўрсатган, майдонда энг кам хатога йўл қўйиб, фойдали ҳаракат қилган Акмал Мозговой асосий таркибга киритилди. Шукуров-Мозговой тандеми колумбияликларнинг марказдаги босимини қайтаришда асосий куч бўлади. Стартда Мозговойнинг тушиши энг мақбул вариант эди.
5. Ҳужум сеҳргарлари ва соф форвард
Ҳужум чизиғимиз эса максимал даражада креатив ва хавфли кўриниш олган. Қанотларда ва ҳужум ортида рақиб ҳимоячиларини доғда қолдиришга қодир бўлган Остон Ўрунов ҳамда Аббосбек Файзуллаев ҳаракат қилади. Уларнинг тезкор рейдлари ва кутилмаган паслари марказда рақибни таъқиб қилувчи сардоримиз — Элдор Шомуродовни голли вазиятлар билан таъминлаши лозим. ЖЧда соф форвард сифатида Элдорнинг тажрибаси бизга жуда асқотади.

6. Каннаваронинг Б плани: Захирадан кимлар ўйинни кучайтира олади?
Учрашув сценарийси ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон захира ўриндиғида ўйинни тубдан буриб юбора оладиган ижрочилар етарли:
Қанотдаги муаммолар учун: Агар ёш Беҳруз Каримов қанотида Луис Диасга қарши қийинчиликлар юзага келса, Каннаваро дарҳол тажрибали Фаррух Сайфиевни майдонга ташлаши мумкин.
Ҳужумни кучайтириш учун: Ижодкорлик ва стандарт вазиятлар керак бўлганда Жамшид Искандеров, қанотлардаги тезлик учун Достонбек Ҳамдамов ва марказдаги жисмоний курашлар ҳамда босим учун Игор Сергеев тайёр ҳолатда туришибди.
Хулоса: Фабио Каннаваро Колумбиянинг жисмоний ва техник устунлигига қарши интизомли, тактик жиҳатдан қайишқоқ ва ёшлик шижоатига йўғрилган таркибни майдонга туширмоқда. Йигитларга тарихий дебютда омад тилаймиз! Олға, Ўзбекистон!



