Каннаваро "Бунёдкор" қароргоҳига ташриф буюрди

Оқил Абдубарноев
1 авг 2026, 21:02
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўзининг мураббийлар штаби билан биргаликда Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби қароргоҳига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида италиялик мутахассис пойтахт жамоасининг ҳолати билан танишиб, футболчилар ҳамда мураббийлар билан яқиндан суҳбатлашди. Бош жамоа устозининг бундай эътибори оғир кунларни бошидан кечираётган клуб аъзолари учун ўзига хос руҳий мадад вазифасини ўтаб берди.

Учрашув юзасидан "Бунёдкор" бош мураббийи Илёс Зейтуллаев ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди. "Бугунги ташриф ва айниқса, клуб учун жуда мураккаб бўлган бир вазиятда жамоамиздаги барчага билдирган далдаси учун мистер Фабио Каннаваро ва унинг мураббийлар штабига миннатдорчилик билдираман", – дея таъкидлади италиялик ҳамкасбига миннатдорлик билдирган Зейтуллаев.

Таъкидлаш жоизки, италиялик мутахассисларнинг ушбу ташрифи бежизга "мураккаб вазият" сифатида баҳоланмади. Пойтахт клуби айни пайтда ўта оғир молиявий инқирозни бошидан ўтказмоқда. Асосий ҳомий томонидан молиялаштиришнинг тўхтатилиши оқибатида футболчилар ва клуб ходимларининг маошлари бир неча ойдан буён кечикмоқда, қолаверса, собиқ легионерлар олдидаги қарздорлик масалалари туфайли жамоа ичкарисидаги муҳит анча чигаллашган. Шундай қалтис бир шароитда миллий терма жамоа бош мураббийининг шахсан клуб базасига келиб, жамоа аъзоларини қўллаб-қувватлаши футболчилардаги тушкун ҳолатни бироз бўлса-да юмшатишга хизмат қилди.

photo_2026-08-01_04-59-51.jpg

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia