Фабио Каннаваро: "Жаҳон чемпионатида фақат бир нарсадан афсусландим" (интервью)

Narzulla Saydullayev
30 июн 2026, 17:00
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро кеча Атлантадаги меҳмонхонада championat.asia сайти журналистига қисқа интервью берди.

— Афсуски, биз учун мундиал якунланди, бу ерда учта ўйин ўтказдик. Муваффақиятсиз ўтган жаҳон чемпионати ҳақида нима дея оласиз? Жаҳон чемпионати муваффақиятсиз бўлди, деган фикрга қўшиласизми? Турнир жадвалига қарайдиган бўлсак, ҳисобимизда 0 очко бор...

Каннаваро: Албатта, мен мухлисларни тушунаман — улар доим жамоани олға бошлайди ва фақат ғалаба истайди. Лекин шахсан мен ҳали қуръа ташлаш маросимидаёқ жаҳон чемпионати қанчалик оғир ўтиши мумкинлигини айтган эдим. Бу қанчалик мураккаб турнир эканини жуда яхши билардим.

Кўпчилик учун бу шундай улкан босим остидаги илк тажриба бўлди ва биз бунинг жабрини тортдик. Учала ўйинда ҳам мен ўйинчилардан ўйиндан узилиб қолмасликни сўрадим, уларнинг елкасидаги бу юкни енгиллатишга ҳаракат қилдим, чунки руҳий босим жамоани қанчалик “қотириб қўйиши” мумкинлигини билардим. Аммо, ростини айтсам, энди барча футболчиларим бундай юқори даражада ўйнаш қанчалик қийинлигини ўз таналарида ҳис қилиб, тушуниб етишди.

Биз бор кучимизни ишга солдик ва мен учун энг муҳими шу. Нафақат ўйинчилар, балки мен ўзим, штабим ва футбол федерацияси ҳам ажойиб тажриба орттирдик. ЖЧнинг бир қисми бўлиш қанчалик ажойиб эканини кўрдик. Ва, албатта, келажак учун ҳар биримиз яна жаҳон чемпионатига қайтиш мақсадида ўз устимизда ишлашимиз, тинимсиз меҳнат қилишимиз керак.

— Ҳозир эса, айтиш мумкинки, ҳамма сизнинг мундиал давомидаги экспериментларингизни муҳокама қилмоқда. Масалан, биринчи ўйинда асосий таркибда Мозговой майдонга тушди, кейинги ўйинда унинг ўрнини Ҳамробеков эгаллади; бошқа ўйинларда Насруллаев алмаштирилди ва ҳоказо. Кўпчиликнинг фикрича, бу доимий ўзгаришлар — Каннаваронинг тактик хатоси, чунки сиз асосий таркибни жиддий ўзгартириб, натижада 26 дан 23 нафар футболчини ўйнатдингиз. Сиз томонга бўлаётган танқидлар ҳақида нима дея оласиз?

Каннаваро: Албатта, ахир мен бош мураббийман. Менинг ягона афсусланадиган нарсам — учта футболчига майдонга тушиш имкониятини бера олмаганим бўлди. Мен ўйинчиларни алмаштирганимнинг сабабларидан бири шуки, турниргача ва унинг давомида жароҳатлар билан боғлиқ муаммоларимиз кўп эди, баъзи йигитларда эса сўнгги тўрт ойда барқарор ўйин амалиёти бўлмаганди. Тушунасизми, футболда доим шундай: бир футболчи ўрнига бошқасини туширсангиз, одамлар учинчиси ўйнаши керак эди, дейди. Лекин мен ўзим билан олиб кетган барча футболчиларга ишонаман. Улар жамоада эди, чунки мен уларнинг яхши савия кўрсата олишини билардим. Мен ҳар бирига имконият бердим. Ва, албатта, агар натижа қониқарсиз бўлса, бу ҳар доим менинг хатоим бўлади, чунки бош мураббий менман.

Мен барча танқидларни қабул қиламан, лекин ҳаммаси ёмон бўлди, деб ҳисобламайман. Биз улкан тажриба тўпладик. Биз футболимизни яхшилашга, ўйинчиларга янги ғояларни сингдиришга ҳаракат қилдик. Учрашувларнинг айрим қисмларида биз жуда яхши футбол намойиш этдик: Колумбияга қарши ўйинни ёки Конгога қарши ўтган сўнгги баҳсни эсланг, унинг биринчи бўлими шунчаки ажойиб ўтган эди. Ҳа, Португалияга қарши ўйин оғир кечди, лекин ишонинг, футболчилар майдонда бор кучларини бериб ўйнашди. Мен учун энг муҳими шу. Танқид эса — табиий ҳол. Мен мураббийман, одамлар барибир норози бўлаверади: кулиб тураманми ёки аксинча, кайфият йўқ бўлиб.

— Хўш, жаҳон чемпионати биз учун якунланди, бу энди тарихга айланди. Навбатдаги катта мақсад — Осиё кубоги. Менда шундай савол бор: Сречко Катанец бошқарувида тўрт йил давомида биз учта марказий ҳимоячи билан кўпроқ ҳимоявий услубда ўйнашга кўникиб қолгандик. Кейин эса Кападзеда нимадир ўзгартириш учун деярли вақт бўлмади, ўзингиз ҳам фаолиятингиз бошида ҳамма нарсани тубдан ўзгартирмоқчи эмаслигингизни айтгансиз. Осиё кубогида Каннаваро жамоасидан нима кутса бўлади? 3-4-2-1 схемасининг бошқасига ўзгаришига гувоҳ бўламизми? Чунки ҳозирча бирор ўзгариш кўрмадик.

Каннаваро: Келажакда албатта янгиликлар қилишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, бу табиий жараён. Ҳозир бизга баъзи ўзгаришлар зарур. Шу билан бирга, тактик схема ўзгарган тақдирда ҳам, асосий вазифамиз ўша-ўша бўлиб қолаверади — биз ўйин сифатини оширишимиз, учрашув боришини назорат қилишимиз ва сўнгги сонияларгача диққатимизни жамлашимиз лозим.

Турнирнинг яна бир муҳим сабоғи шуки, биз ўйинларнинг сўнгги ўн дақиқасида икки ёки учта гол ўтказиб юбордик. “Ўйин охиригача ҳушёрликни сақлаш” деганимда айнан шуни назарда тутяпман — бу даражада сўнгги дақиқалардаги бўшашганлик учун дарҳол жазолашади. Сентябрь ойида яна йиғиламиз, ишимизни давом эттирамиз ва ўзгаришлар киритишни бошлаймиз. Агар жаҳон чемпионати биз учун бебаҳо тажриба бўлган бўлса, Осиё Кубоги бизнинг аниқ мақсадимиздир.

Абдулвосит Бектемиров суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›