Камолиддин Тожиев: "Пахтакор" охиригача курашади"

29 авг 2026, 22:41
Ўзбекистон Кубоги 1/8 финалдан ўрин олган "Нефтчи" – "Пахтакор" учрашувидан сўнг тошкентликлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Яхши қизиқарли ўйин бўлди. Ҳар икки жамоада бир нечта вазиятлар бўлди. Бугун ким гол урса шу жамоа ютиб кетадиган ўйин бўлди. Жамоамиз охиригача курашди, афсус мағлубиятга учраб турнирни тарк этдик. "Нефтчи"ни ғалаба билан табриклайман ва кейинги ўйинларига омад тилайман.

- Бу учрашувга қадар ижтимоий тармоқларда "Нефтчи" билан ўйин сиз учун охирги имконият деган гап чиқди. Бу хабарда қанчалик жон бор эди? Умуман бугунги мағлубиятдан кейин ҳам ўзингизни "Пахтакор" бош мураббийи сифатида кўряпсизми?

- Бу гап қаердан чиққанини билмайман. Чунки раҳбариятдан ҳеч ким бу ҳақда айтмаган. "Пахтакор" охиригача курашади, ҳали олдимизда анча ўйинлар бор: Суперлига бор, Элит ОЧЛ бор. Охиригача курашамиз.

- "Пахтакор" раҳбариятида ўзгаришлар бўлганини ва клуб шаҳар ҳокимиятига ўтганини эшитдик. Жамоада юқори маош оладиган футболчилар бор, кейинчалик жамоа чемпионлик учун курашадиган эмас, балки маошлар масаласида ФИФА билан баҳслашадиган клубга айланиб қолмасмикин?

- Раҳбарият ўзгаргани борасида ҳали аниқлик йўқ. Ҳозир ҳам Жаҳонгир Абидович ўзлари ҳомийлик қиляптилар.

- Биринчи бўлимда икки нафар ўзгариш амалга оширилди. Бу ортиқча юкламалар туфайлими?

- Йўқ, ортиқча юкламалар сабабли эмас. Чемпионат тиғиз, ўйинлар кўп, ҳар уч-тўрт кунда ўйнаяпмиз. Жароҳатлар кўп жамоаларда бор, "Нефтчи"да ҳам бор. Бизга жароҳат панд берди ва биринчи бўлимда иккита ўзгариш қилдик.

- Одатда яхши таркиб йиғилди дегани зўр жамоа шаклланди деб бўлмайди. Эҳтимол айб доим ҳам футболчиларда эмасдир, балки қандайдир қарорлар қабул қилишда хатога йўл қўяётгандирсиз?

- Жамоамиз ўйнаяпти, курашяпти, вазиятлар яратяпмиз, лекин гол ура олмаяпмиз. Сардор Собирхўжаев ҳам бирга бир вазиятдан тўп кирита олмади. Ўтган ўйинда ҳам вазиятлар бўлганди. Кейинги ўйинларда яхши бўлади деб умид қиламан.

- Лекин янги футболчилар айнан шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида олиб келинмаганмиди?

- Ҳа, тўғри. Биз ҳам камчиликлар устида ишлаяпмиз. Бу ўринда ҳеч кимни айблай олмайман. Ҳамма ишлаяпти. Биз ҳам бу борада меҳнат қиляпмиз. Ўтган учрашувда беш метрдан тўп кирита олмадик. Буёғи омадга боғлиқ.

- Ислом Исмоиловнинг отаси Мурод Исмоилов ўз пайтида "Пахтакор"да ишлаган ва сиз у кишини яхши биласиз. Сизнингча, Ислом Исмоиловнинг мураббийлик маҳорати қай даражада Мурод Исмоиловга ўхшаш ва қай даражада фарқ қилади?

- Мурод ака ишлаган пайтда биз футболчи эдик. Ҳозир эса мураббийлик қиляпман. Барибир қайсидир томонларида ўхшашлик бор. Ислом янги авлод мураббийи, янгиликлар киритяпти. Фарқ қилади деб деб ўйлайман.

- Легионерлар ўзига бўлган ишончни қанчалик оқлаяпти?

- Ҳозирча камчилик бор ва шуни бартараф этиш устида ишлаяпмиз. Камчиликларни ёпиш мақсадида легионер таклиф этганмиз. Улар ҳам майдонга чиқиб ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Лекин тўп кирита олмаяпмиз, биринчи даврада ҳам шундай бўлганди.

- "Нефтчи"нинг биринчи голи ВАР сабаб бекор қилинганида ичингиздан нималар ўтди?

- Албатта, гол ўтказиб юборгандан кейин яхши ҳиссиёт бўлмайди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›