Камолиддин Тожиев: "Машғулотларда доим ҳаммаси яхши бўлиши учун ишлаймиз"

Aslanov Jasurbek
9 сен 2026, 22:12
Суперлига 21-турдан ўрин олган ОКМК – "Пахтакор" учрашувидан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Яхши ўйин бўлди. Баҳс қийин кечишини билардик ва шунга яраша ҳозирлик кўргандик. Бугун кўп вазиятлар яратдик ва унумли фойдаландик. Аввалги ўйинларда ҳам кўп вазият юзага келтириб, фойдалана олмай келаётгандик. Ғалаба билан ҳаммани табриклайман. Йигитларга раҳмат айтаман.

- "Пахтакор" охирги иккита ўйинда айниқса ҳужумда яхши ҳаракат қилди ва бир нечта голлар урди. Енгиллик юзага келишининг сабаби нимада?
- Машғулотларда доим ҳаммаси яхши бўлиши учун ишлаймиз. Омадимиз келиб голлар уряпмиз. Бундан ҳаммамиз хурсандмиз. Янаям кўпроқ тўп киритишга интиламиз.

- Бугун реализация зўр бўлди: тўртта имконият ва учта гол. Адашмасам, ОКМКда 6-7та вазият бўлди. Агар ҳисоб 2:2 ёки 3:3 бўлиб қолганида "Пахтакор" яна қўша олармиди?
- Бу - ўйин, вазиятларни юазага келтирдик ва улардан фойдаланадик. Олмалиқ жамоаси стандартларда кучли эканини футболчиларимизга алоҳида уқтиргандик. Бугун рақибга имкон бермадик деб ўйлайман. Сал эркин ҳаракат қилган пайтимиз ҳам бўлди. Камчиликлар устида ишлаймиз.

- Ҳисоб 2:0дан кейин ҳам қарши ҳужумлардан фойдаланиб ҳисобни 4:0га келтириш мумкин эди.
- Тўғри, бугун қарши ҳужумга кўп марта чиқдик. Тўғриси, янада яхши ўйин кўрсатишимизга майдон ҳолати йўл қўймади. Ҳали мавсум узун, ёшларга ҳам имкон берамиз.

- Жамоа "Ал Аҳли" билан ўйинга тикланишга улгурадими?
- Бугундан шунинг устида ишлаймиз.

- Яқинда Рўзиқул Бердиев ва Александр Хомяков Ўзбекистондаги энг яхши ҳужумкор жамоа деб ОКМКни айтишганди.
- Аслида мен ҳам уларнинг фикрига қўшиламан. ОКМК яхши жамоалардан бири. Жамоани тажрибали мураббий бошқаряпти, таркиби ҳам кучли. ОКМК охиригача курашиб футбол ўйнайдиган жамоа. Ҳам ўзи ўйнайди, ҳам рақибга имкон беради. Олмалиқда ғалаба қозониш осон эмас. Ҳозирги ОКМК олдингиларга нисбатан кучлироқ. Бу ерда бошқа жамоаларга қийин бўлади деб ўйлайман.

- Элит ОЧЛдаги рақиб "Ал Аҳли"ни қанчалик ўргандингиз?
- Бу жамоа ўйинларини кузатиб боряпмиз ва таҳлил қиляпмиз. Ҳар 3-4 кунда майдонга тушаётганимиз сабабли йигитларда толиқиш бор. Тўрт нафар футболчимиз жароҳат олган. Захирамизда биргина Насруллаев бор эди, қолганлар эса ёшлар. Албатта, "Ал Аҳли" билан қийин бўлади, лекин ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- "Пахтакор" ишлари юришиб кетиши, учталаб гол уриб ғалаба қозониши учун Ортиқхўжаев кетди деган гаплар чиқиши ёки жамоадан Кубокдан чиқиб кетиши каби интрига керакмиди?
- Биз ҳам биринчи даврада чемпион бўлмоқчи бўлдик, энди шунақаси ҳам бўп туради.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia