Камолиддин Тожиев: "Қизил карточка режаларимизни ўзгартириб юборди"

Administrator
19 сен 2026, 22:48
Суперлига 22-турдан ўрин олган "Машъал" – "Пахтакор" учрашувидан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- "Машъал" билан баҳс қийин кечишини билардик. Муҳими, ғалаба қозонганимиз. Биринчи бўлимдаги қизил карточка режаларимизни ўзгартириб юборди. Танаффусда йигитларга керакли кўрсатмаларни бердик ва иккинчи таймда ирода кўсатиб ғалаба қозондик. Охиригача кураш олиб боришгани учун йигитларга раҳмат айтиб қоламан. Бу ўйин биз учун ниҳоятда муҳим эди. Аслда ҳар бир баҳс биз учун муҳим бўлиб қолмоқда.

- Бугун ким кўпроқ хатога йўл қўйди: "Машъал"ми, "Пахтакор"ми ё ҳакамлар жамоасими?
- Қўпол хатолар кўринмади. Биз ҳам, "Машъал" ҳам қўпол хатоларга йўл қўймади. Ўз имкониятларимиздан фойдаланиб ғалабага эришдик. Ўйин ёқди дея олмайман, мураккаб учрашув кечишини билардик. Узоқ йўл босиб келдик. Ўйинга тайёргарлик кўриш учун икки кун вақтимиз бўлди ва асосан тикланиш билан машғул бўлдик.

- Қизил карточка ўйинни қанчалик ўзгартириб юборди?
- Айтганимдек, режаларимизни тубдан ўзгартириб юборди. Ҳеч ким ўйин бошида қизил карточка олиб кейин бу режага ўтамиз деб ўйламайди. Ўзим томонимдан хато кузатилди дея олмайман. Кимни майдонга туширган бўлсак, ҳамма яхши ҳаракат қилди. Ўн киши қолиб ҳам ғалаба қозондик.

- "Машъал" ҳозирча охирги ўринда ва таркибида ёшларни ўйнатяпти. "Пахтакор" эса иккинчи ўринда бормоқда. Кичик ҳисобда ғалаба қозондик деб ҳисоблайсизми?
- Битта тўп фарқи билан ютуққа эришган бўлсак-да, футболчилар ўйинга оддий қарашди дея олмайман. Барибир кураш охиригача кечди. Тиғиз тақвим бўйича ўйинларни ўтказяпмиз, ҳеч бир беллашув осон бўлмаяпти. "Ал Аҳли" билан ўйиндан кейиноқ бу учрашувга ҳозирликни бошладик. "Машъал" ёш бўлгани билан ўз ўйин услуби бор. Бугун ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди.

- Ойбек Бозоров бир неча йил "Насаф"нинг асосий футболчиси бўлиб келди. Лекин у "Пахтакор"да захирада қолиб кетяпти. Бу футболчининг жисмоний ҳолати билан боғлиқми ёки ўйин услуби мос тушмаяптими?
- Ойбекда жароҳат бор эди, шу боис Саудияга ҳам бора олмади. Ғузорга келишимиздан олдин фақат иккита машғулотда иштирок этди. Ҳозирча тўлиқ тайёр эмас. Энди-энди тузалиб сафимизга қайтяпти. Жароҳати яна такрорланмасин деб ҳозирча захирада қолдирдик.

- Маълумки, "Пахтакор" иштирокидаги ўйинлар Ироқда трансляция қилиняпти ва шу боис Ироқда "Пахтакор" футболчиларига нисбатан қизиқиш ортганини эшитдик. Сиз бу борада нима дея оласиз?
- Трансляциядан олдин ҳам бизнинг футболчилар Ироққа борганди, бир ўйинчимиз тўпурар бўлди. Уларнинг уч нафар футболчиси бизда тўп тепмоқда. Энди барибир қизиқиш бўлади. Лекин ҳозирча ҳеч кимга таклиф тушмади.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›