Ислом Исмоилов: "Исталган юкламадан 72 соатга тикланиш мумкин, аммо руҳий ҳолат анча вақт талаб қилади. Яна бир синов бизни кутяпти"

Абдулвосит Бектемиров
25 окт 2026, 18:31
Элит ОЧЛ 3-туридан ўрин олган "Нефтчи" - "Ал Иттиҳод" учрашувидан олдинги матбуот анжуманида фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов ва футболчи Фарруҳ Сайфиев иштирок этди.

"Эртага бизни яна битта қийин синов кутяпти. "Ал-Иттиҳод" Осиёнинг кучли жамоаларидан бири. Таркибида жуда кўплаб жаҳон юлдузлари бор. Лекин рақибни қанчалик ҳурмат қилсак, майдонда бўлса бор кучимиз билан ўз мухлисларимиз олдида чиройли футбол ва ҳужумкор футбол кўрсатиб, ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз", - дея гап бошлади Ислом Исмоилов.

"Эртага биз учун муҳим ўйин. Ўйин осон кечмаслиги аниқ, ҳақиқий тўқнашув бўлади. Биз ишқибозларимиз учун эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз", - дея гап бошлади Фарруҳ Сайфиев.

- "Нефтчи" икки кун аввл Тошкентда марказий тур учрашувини ўтказганди. Ўшандан кейин сиз айтиб ўтдингизки, ҳозир жадвал жуда тиғиз, бу эса натижаларга таъсир қилмоқда. Лекин шу яқинда "Локомотив" бош мураббийи Мирко Йеличич билан гаплашгандим. Еличич "Шахсан менга бош мураббий сифатида, жамоам бир ҳафтада ҳар куни машғулот қилиб битта ўйин ўйнагандан кўра, мана шунақа зич тақвимда ўйнагани яхши, менга масалан ёқяпти", деб айтганди. Бу "Локомотив" сизларга қарши ўйиндан олдин рўй берганди. Лекин зич тақвим кўп мураббийларнинг фикри бўйича кўпроқ зарар келтиради. Тикланиш керак, кейинги ўйинга тайёргарлик учун вақт кам ва ҳоказо. Сизга қайси бири қулайроқ? Кўпроқ бир ҳафтада битта ўйин ўйнаганми ёки Мирко Еличич фикрига қўшиласизми?

- Энди, бу ерда иккинчи масала борки, жамоа ўзини олдига қўйган шу мусобақаларда нима учун курашаётгани. Агар ўша жамоада босим бўлмаса, шунчаки ўйнаш керак бўлса, натижа ютадими-ютқазадими жамоага ҳеч қанақа босим туғдирмайдиган бўлса, унда ҳар куни ўйнагани ҳам яхши. Лекин жамоа олдида ҳар битта ўйин шунақа катта босим турадиган бўлса, жамоа ҳар битта мусобақада ғолиблик учун курашадиган бўлса, унда бу ҳолат қийинчилик туғдиради. Бу ерда барибир асосий масала руҳиятга бориб тақалади. Жисмоний ҳолат — исталган юкламадан сиз 72 соатда тикланишингиз мумкин. Лекин руҳий ҳолат анча вақт талаб қилади. Шунинг учун, албатта, шу кунгача бу бўйича жуда кўп тажрибалар қилишган. Физиологияда ҳам, умуман бу томонлардан барча нарсалар бор ва нормал ҳолатда ўша стандарт белгиланган: ҳафтада битта ўйин — бу аслида нормал ҳолат. Сабаби, сиз битта учрашувдан кейинги учрашувгача тайёргарлик кўра оласиз, футболчилар тиклана олади ва ўйлайманки, энг нормал ҳолат.

Фарруҳ Сайфиевга савол

— Сизга қанақа қулай бўларди? Ҳар уч-тўрт кунда ўйин ўйнаганми ёки бир ҳафтада битта...

- Энди футболчи сифатида айтадиган бўлсам, қанча кўп ўйнасангиз, шунча яхши. Энди у таркибга ҳам, жароҳатларга ҳам боғлиқ. Нечта ўйинчи жароҳат оляпти ёки қанча ўйинчи жароҳат олмаяпти. Менинг фикрим, қанча ўйин амалиёти кўп бўлса, шунча яхши.

- "Ан-Наср" ва "Пахтакор"га қарши ўйинда жамоангиз бешта ҳимоячи билан ўйнаган эди. Эртага ҳам шу услубни қўллайсизларми?

- Ҳамма нарса бўлиши мумкин.

командний нефтчи элит иттиҳод.jpg

Фарруҳ Сайфиевга савол

— Футболчиларда кайфият қанақа ҳозир, охирги ғалабалардан кейин?

- Ўзи бизнинг жамоада, ютқазамизми-ютқазмаймизми, жамоада кайфият ўша коллективда ҳар доим аъло даражада бўлиб келган. Бундан кейин ҳам аъло даражада бўлади.

— Ислом ака, Элит Лига чемпионлари учун харид қилинган учта легионер ҳолати қанақа? Энди, масалан, ҳар куни машғулот қилса ҳам, улар жамоага қўшилиб кета олишдими? Сабаби машғулот қилаверади, қилаверади, лекин ўйнамайди. Масалан, адашмасам, улар Тошкентга ҳам бормади-а, "Пахтакор"га қарши ўйинга? Уларнинг ҳозирги умумий формаси қандай? Руҳият билан муаммо йўқми? Чунки бир ой машғулот қиласиз, лекин бир ойда битта ўйин ўнай оласиз.

- Хўш, улар яхши ҳолатда. Чунки бошида улар ҳам ўзи билган, шунга рози бўлган. Жамоа ҳам бу нарсани ўрганиб чиқиб, мавсум охири ўйинлар кўплиги ва мавсумнинг энг якуний палласига кираётганлигимиз учун, ўша пайтда учта фронтда кураш олиб боришни ҳисобга олинган ҳолатда бу футболчилар жамоага жалб қилинган. Бу бўйича ҳам жуда кўп айтиб ўтдик. Олдимизда бошқа йўл йўқ. Энди, албатта, улар сафар ўйинларига бормайди. Бу ерда алоҳида уларга мураббий бириктирилади, улар билан режа бўйича машғулотлар олиб борилади. Ҳозир нима ҳам қилардик, бошқа йўл йўқ. Фақат уларни машғулотлар орқали тонусда ушлаб турамиз. Энди ФИФА кунларида ўртоқлик учрашувларида ўйнашлари мумкин. Ўтган ФИФА кунларида ҳам ўртоқлик учрашувлари ўтказганмиз, улар ўртоқлик ўйинида иштирок этишганди. Шу орқали уларни яхши спорт формасида ушлаб тура оламиз.

— Зоран Марушич "Пахтакор" билан ўйинда жароҳат олинди. Ҳозирги ҳолати қанақа, эртанги ўйинда туша оладими?

- Энди ҳозир тиббий текширувлар, даволаниш жараёни давом этяпти. Бу бўйича кечқурун аниқ маълумот берилади жамоа шифокорлари томонидан.

— Майдон ҳолати бўйича фикрингиз?

- Ўзбекистонга қиш мавсуми кириб келяпти. Жуда кўп майдонларнинг ҳолати яхши эмас. Бу табиатга боғлиқ. Барибир мавсум тугаётгани ҳисобига кўп майдонларимиз муаммоларга дуч келади. Лекин шунга қарамасдан, "Истиқлол" стадионида барча меҳнат қиляпти, ҳаракат қилишяпти яхши даражада ушлаб туриш учун.

Фарруҳ Сайфиевга савол

- Фарруҳ ака, неча йиллардан бери илк марта терма жамоага чақирилмадингиз. Кўриб турибмизки ўтган турда, яъни мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бирида 90 дақиқа ўйнаб, ажойиб ўйин ўтказдингиз. Терма жамоадан бу сафар чақирув яна кутасизми ноябрда? Олдинда Осиё Кубоги ҳам бор.

- Терма жамоада ким ўйнашидан қатъи назар, меҳнат қилиш керак. Ким формада бўлса, ўша ўйнаши керак деб ўйлайман.

— Ҳозир формангиз яхши, кўрдик, "Пахтакор"га қарши зўр ўйнадингиз. Демак, чақирув кутасизми?

- Мураббийга боғлиқ. Чақирадими-йўқми, мураббий ҳал қилади.

фаррух сайфиев1.jpg

Фарруҳ Сайфиевга савол

- Ислом Исмоилов кўп марта таъкидлаб ўтяптилар матбуот анжуманларида: биринчи давра анча осон кечганди, яхши ўйнаб, чиройли ғалабаларга эришгандик, очиқ футбол кўрсатгандик. Ўтган сафар "Пахтакор"га қарши ўйиндан кейин айтдиларки: "Ҳозир очко йўқотяпмиз, жароҳатлар бор, интенсивлик ошган, жисмоний жиҳатдан сал чарчаганмиз", деб. Ўшанда ҳам айтиб ўтдиларки, мавсумнинг биринчи қисмида ҳимоячиларимиз ҳам, масалан, бемалол узун паслар билан бериб ўйнаётганди. Ҳозир умумий чарчоқ даражаси ошгани учун ҳимояда ҳам хатолар кузатиляпти, масалан, ўйин вақтида оддий 5 метр, 10 метрлик пасларда ҳам хато қиляпмиз, деб айтганди. Умумий, ҳимоя чизиғи вакили сифатида фикрингизни айтиб ўтсангиз. Ҳимояда босим ёки чарчоқ аломатлари сезиляптими?

- Мен қўшилмаган бўлардим чарчоқ масаласига. Ўша биринчи даврада яхши ўйнаганимиз, ундан кейин сал пасайиш бўлганининг сабаби — жамоада 5-6 асосий футболчи жароҳат олиб сафдан чиқиб кетди. Ўша бизга минус бўлди деб ўйлайман. Чарчоқ масаласида ҳеч қанақа муаммо йўқ бизда.

Ўхшаш янгиликлар


Абдулвосит БектемировМуаллиф