Камолиддин Тожиев: "Ҳали ҳеч нарса йўқотмадик, охиригача курашамиз"

Administrator
25 авг 2026, 23:27
Суперлига 19-турдан ўрин олган "Динамо" – "Пахтакор" учрашувидан сўнг "Пахтакор" бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Қизиқарли баҳс гувоҳи бўлдик. Ҳар икки жамоа яхши кураш олиб борди. Ҳисоб 2:0 бўлиши керак бир пайтда беш метрдан гол ура олмадик. Бунинг устига озгина ҳушёрликни йўқотиб тўп ўтказиб юбордик. Биз ютишимиз керак бўлган ўйин эди, агар иккинчи голни урганимизда ўйлайманки, ғалаба қозонган бўлардик. Лекин сен урмасанг, сенга уришади деган гап ўз ишини кўрсатди. Ўйинга борини бериш бўйича ҳеч кимга эътирозим йўқ. Барча футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди. Футбол шунақа: бир гал омад келади, бир гал йўқ.

- Стадиондаги муҳит ҳақида?
- Самарқандда ҳар доим футбол муҳити зўр бўлган. Бу стадионда ўйнаш ҳар доим қизиқ.

- "Пахтакор" сафар учрашувларига борганда мухлислар "Пахтакор" сафидаги юлдузларни кўришга келади. Бугун жамоангизнинг юлдуз ўйинчилари кўпроқ захирада эди: Достон Ҳамдамов, Ойбек Бозоров... Улар нима учун асосий таркибда ўйнамаяпти?
- Аксар футболчиларимизда кичик жароҳат бор. Қолаверса тез-тез майдонга тушаётганимиз боис таркибда ротация қиляпмиз. Ҳаммани 90 дақиқа ўйнатиш қийин. Эронлик футболчимиз аввалги баҳсда жароҳат олди. Шу боис захирада қолдирдик.

- Жамоангиз кетма-кет очко йўқотмоқда. Чемпионлик пойгаси ҳақида нима дея оласиз?
- Охиригача курашамиз. Ҳали ўйинлар кўп, қолаверса "Нефтчи" билан ўзаро баҳсимиз ҳам бор. Ҳали ҳеч нарса йўқотмадик, охиригача курашамиз.

- "Пахтакор" - "Сурхон" ўйини билан боғлиқ шов-шув ҳамон тингани йўқ. Кўпчилик шу мавзуни муҳокама қиляпти. Шундан сўнг клуб ҳомийси Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоадан кетибди деган гаплар чиқди. Бу эса мухлисларда хавотир уйғотди.
- Ўша ўйиндаги ҳакамлик ҳақида гапирмайман. Худо хоҳласа, Жаҳонгир ака жамоамиз билан бирга ва кетмайдилар деб умид қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›