

"Яхши ўйин бўлди. Охиригача курашдик. Қаердан оффсайд топишди билмайман. Уч очкодан маҳрум бўлдик. Оффсайд чизиғи деб, чизиқни дарвоза ортидан чизишмоқда. У ерда ҳеч қандай ўйиндан ташқари ҳолат йўқ. Менимча, вазиятни ҳамма кўрди. Йигитларга раҳмат дейман. Улар охиригача курашди", - дея гап бошлади Камолиддин Тожиев.
- Такрорий ҳолатни кўрдингизми? Сабаби ўйин вақтида ҳиссиётларга берилган бўлади. Ўйиндан сўнг такрорда эса вазиятни хотиржам кўриб олиб, якуний хулосага келинади...
- Кўрдим. Ўзимизнинг камерадан кўрдик. У ерда умуман оффсайд йўқ эди. Оффсайд чизиғини дарвоза ортида чизса ҳам оффсайд йўқ. Такрорий вазиятни кўрдик.
- 90 дақиқа давомида "Пахтакор" 2-3та гол уриб қўйганида ушбу баҳсли вазият умуман аҳамиятсиз бўлиб қолар эди...
- Яратган вазиятларимиздан унумли фойдалана олмадик. Барча жамоалар "Пахтакор"га қарши 200% курашади. Шунинг учун биз ҳам қийналдик ва яна вазиятлардан унумли фойдаланмадик.
- "Сурхон" каби жамоаларга қарши икки нафар ҳужумчи билан ўйнатса бўлмасмиди?
- Биз ҳужумчи ортида яна бир футболчини ўйнатамиз. У ҳам ҳужумчи сифатида ҳисобланади.
- "Нефтчи" билан Кубок ўйини бор. Ундан олдин эса "Динамо"га қарши ўйин. "Динамо"га қарши ўйинда ротация бўладими?
- Ҳозир фақат "Динамо"ни ҳақида ўйлаймиз.
- ОЧЛга қуръа ташланди. "Пахтакор" ўтган сафар Саудия жамоаларидан кўра қатарликлар билан ўйнаган эди. Қуръа натижасидан қониқдингизми?
- Биз юлдузларга қарши ўйнаймиз. Кучлиларга қарши ўйнашимиз яхши-ку. Мухлисларимиз ҳам катта юлдузларни кўришади. Умуман олганда, қизиқиш ортади.
- Янги футболчиларнинг бугунги ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Муртазо жароҳат олди. Айман ҳам яқиндагина жароҳатдан қутулган эди. Насиб бўлса, икки футболчи ҳам тез орада энг яхши спорт формасига кириб олади.



