Анвар Ғофуров: "Бу дуранг ғалабага тенг эмас"

23 окт 2026, 23:28
Суперлиганинг 25-тури доирасидаги "Бухоро" - "Сурхон" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров ўз фикрларини билдирди.

- Менимча, "Бухоро" жамоасининг асосий ютуғи — мураббийлар штаби. Бош мураббий ўз штаби билан биргаликда жуда яхши мутахассислар жамоасини шакллантирган ва яхши футболчилардан иборат жамоа яратган. Бундай рақибга қарши ўйнаш ҳеч бир жамоа учун осон эмас. Бу аниқ. Биз учун ҳам осон бўлмади. Бизга очколар керак эди ва шу мақсадда ҳаракат қилдик. Бугунги учрашувда рақибда ҳам, бизда ҳам вазиятлар бўлди. "Бухоро" бир киши кам бўлиб қолганидан кейин янада кучлироқ ҳимояланишни бошлади ва майдонда жуда тартибли ҳаракат қилди. Шу сабабли бизга ўйнаш янада қийинлашди. Бу биз учун янгилик эмас. Чунки рақибнинг мураббийи ҳам, у шакллантирган жамоа ҳам ҳимояда жуда яхши ўйнайди. "Бухоро"нинг ўзига яраша яхши таркиби бор. Ҳар бир футболчи ўз вазифасини яхши билади: ҳужумчилар ҳам, ҳимоячилар ҳам. Бундай жамоаларга қарши ўйнаш ҳеч қачон осон бўлмайди. Бугун бу яна бир бор ўз исботини топди. Шунга қарамай, биз учун бу дуранг анча ишончли ва курашларга бой натижа бўлди, деб ўйлайман.

- Бугунги дурангни "Сурхон" учун ғалабага тенг натижа, деб айтиш мумкинми?

- Менимча, йўқ. Агар майдонда 11 нафардан футболчи қолганида, балки фикрингизга қўшилган бўлардим. Шундай бўлса-да, футболчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ. Улар бор кучларини беришди ва вазиятлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Лекин нимадир бизга бироз етишмаяпти. Бу бизнинг гол ура олмаётган кетма-кет учинчи ўйинимиз. Бундан олдин ОКМК жамоасида ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилган бўлса, ҳозир бизда ҳам шундай муаммо пайдо бўлди. Бунинг устида ишлашимиз керак. Нима сабабдан бундай бўлаётганини аниқ айта олмайман. Нимадир бизга халақит беряпти. Балки, бу тасодифий ҳолатдир. Кейинги ўйинларда гол уришга ҳаракат қиламиз ва бу муаммо устида ишлашда давом этамиз.

- "Сурхон"да марказий ҳужумчи йўқми ёки бугун ҳужумчилар яратилган вазиятларни голга айлантира олишмадими?

- Бизда ҳужумчи бор. Бугун Камрон Юсупов майдонга тушди. У ёш ва иқтидорли футболчи, ҳаракатлари ҳам бор. Унга ҳам имконият беришимиз керак, чунки у биз билан машғулотларда қатнашяпти ва ўйинларда майдонга тушяпти. Бугун унга асосий таркибда ўзини кўрсатиш имконияти берилди. У ҳам гол уришни хоҳлади, бунинг учун интилди ва ҳаракат қилди. Аммо ҳаммаси Худодан. У қўлидан келганини қилди, шунинг учун унга нисбатан эътирозим йўқ. Умуман, ҳеч бир футболчига эътирозим йўқ. Ҳар бири бор кучини беришга ҳаракат қилди. Биз ҳар бир ўйинга ғалаба учун майдонга тушамиз. Ўйин сафарда бўладими ёки ўз майдонимиздами — биз учун фарқи йўқ. Футболчиларга шу руҳиятни сингдиришга ҳаракат қиляпман.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia