Стипе Перица "Пахтакор" устидан қозонилган ғалаба, баҳсли пенальти ва кубокдаги мағлубият ҳақида гапирди

24 окт 2026, 08:45
"Пахтакор" ва "Нефтчи" (1:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар ҳужумчиси Стипе Перица ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

– Ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйин ва голингиз ҳақида таассуротларингиз?
– Менимча, бу натижа – бутун жамоанинг ғалабаси. Бу биргина ўйинчининг хизмати эмас, барчамиз, айниқса, иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик ва бу ўйинда ғалаба қозонишга ҳақли эдик.

– Сиз кубок баҳсида ҳам "Пахтакор" дарвозасига ҳам йўл топа олган эдингиз. Бу рақибга қарши ўйнашнинг сизга қулайлиги борми?
– Мен қўлимдан келганини қилишга интиламан. Одилов менга ажойиб узатмани амалга оширди, мен эса гол уриш учун қулай вазиятда эдим ва ўз имкониятимдан фойдаландим. Жамоамнинг ғалабасига ёрдам берганимдан хурсандман. Айни дамда биз учун энг муҳими – мана шу.

– Пенальти белгиланган вазиятда либосингиздан тортишганини ҳис қилдингизми? Сизнингча, пенальти ва қизил карточка адолатли қарор бўлдими?
– Биласизми, мен гол уришга жуда яқин эдим, рақиб эса мени орқадан итариб юборганини ҳис қилдим. Ўз вазифамни охиригача бажаришга ҳаракат қилдим, бироқ, ўйлайманки, бу вазият – яққол пенальти эди.

– "Локомотив" билан ўйинда нима юз берди? Суперлигада пешқадам бўла туриб, мағлубиятга учраш ва кубокни тарк этиш... Биринчи бўлимда нима содир бўлганини тушунтириб бера оласизми? Бу жуда кутилмаган ҳолат бўлди.
– Бу – футбол. Бунга нима ҳам дейиш мумкин? Биз ҳар уч кунда майдонга тушяпмиз. Чемпионлар Лигасида, ички чемпионатда ва кубок баҳсларида иштирок этяпмиз. Бошқа ҳар қандай жамоада бўлгани каби, бизда ҳам пасайиш ва кўтарилишлар бўлиб туради. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонадиган жамоанинг ўзи йўқ. Албатта, жуда юқори даражадаги клубларда бунинг иложи бордир, лекин биз ҳам қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Асосий мақсадимиз – чемпионатда ғолиб чиқиш ва ҳозирча биз тўғри йўлдамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia