ЖЧдаги гуруҳдошимизнинг ўртоқлик учрашуви бекор қилинди

3 июн 2026, 07:33
Конго Демократик Республикаси ва Чили терма жамоалари ўртасида 9 июнда Испаниянинг Ла-Линеа-де-ла-Консепсьон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ўртоқлик учрашуви бекор қилинди, дея хабар беради BBC.

Ушбу қарор шаҳар мэри Хуан Франко томонидан қабул қилинган бўлиб, у Эбола вируси билан боғлиқ жиддий хавотирлар сабабли ўйинни ўтказишга тақиқ қўйган.

Манбага кўра, терма жамоалар турнир бошланишига саноқли кунлар қолганида ўртоқлик ўйини ўтказиш учун янги жой топишга ҳаракат қилмоқда.

Конго ДР терма жамоаси мамлакатда Эбола вируси авж олгани сабабли жаҳон чемпионати — 2026 га тайёргарликни вақтинча тўхтатган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазиятни "фавқулодда" деб тавсифлади, бироқ уни пандемия деб тан олмади.

Жаҳон чемпионатида Конго ДР терма жамоаси "K" гуруҳидан жой олган бўлиб, у ерда Португалия, Колумбия ва Ўзбекистон терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: BBC

Сўнгги янгиликлар

Барча ›