

"Бу ерда эканлигимиздан хурсандмиз ва эртанги ўйинни интиқлик билан кутяпмиз. Чемпионлар Лигаси — ажойиб мусобақа. Биз уни чакки бошламадик, аммо доимо яхши натижа кўрсатиб боришимиз зарур. Сафарда ўйнаш доим қийин, лекин бўлажак учрашув қизиқарли бўлишига ишонамиз", - дея гап бошлади Энж Постекоглу.
"Оғир ўйин бўлади. Рақиб таркибида ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда кучли ижрочилар бор. Ўйин давомида тўлиқ диққатни сақлашимиз, хатоларга йўл қўймаслигимиз ва ўз вазифамизни бажаришимиз керак. Агар шундай қилсак, ғалабага яқин бўламиз", - дея фикр билдирди жамоа дарвозабони Бенту.
- Криштиану Роналду нима сабабдан "Пахтакор"га қарши ўйин учун Тошкентга келмади?
- Таркибимизда футболчилар кўп, ўйинлар сони ҳам жуда катта, сафарлар бор. Криштиану, Кингсли Коман, Муҳаммад Симакан каби футболчиларни Риёз шаҳрида қолдиришга қарор қилдик, чунки жума куни яна бир жуда қийин ва муҳим ўйинимиз бор. Шунга қарамай, бу ерга кучли таркиб билан келдик ва эртанги баҳсга ҳамма тайёр.
- "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан қандайдир хавотир борми? Чунки улар дастлабки икки турда Саудия Арабистонининг икки гигантига мағлуб бўлишмади. Рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Бундан хабардормиз, "Пахтакор" иккита кучли Саудия клубига қарши жуда яхши натижа қайд этди. Чемпионлар Лигасида сафар ўйинлари катта синов саналади. Биз ўзимизга эътибор қаратишимиз, ўта диққатли бўлишимиз шарт. Айниқса, ўз майдонида "Пахтакор" жуда хавфли жамоа. Ижобий натижа учун энг яхши ҳолатимизни кўрсатишимиз талаб этилади.

- Танаффусдан кейин "Ал Насср" анча ўзгача, ижобий ўйин кўрсата бошлади. Бунга нима сабаб бўлди? Жамоа мусобақада ғолиб бўлиш учун қанчалик тайёр?
- Мавсумни яхши бошлаган бўлсак-да, ўша вақтдаги иқлим, юқори намлик ва тиғиз тақвим туфайли ҳар бир ўйинда кучли кўриниш осон эмасди. Ҳозир эса шароитлар бироз бошқача: об-ҳаво қулай, баҳслар орасидаги вақт кўпроқ. Бу эса ўз даражамизни сақлаб қолишга ёрдам беряпти. Бироқ Чемпионлар Лигасида аввал нима қилганингиз аҳамиятсиз, ҳар бир ўйин ўзига хос ва эртага янгитдан тайёр бўлишимиз керак.
- "Пахтакор" эртага ҳужумкор футбол намойиш этса, бунга тайёрмисизлар? Рақиб таркибидан қайсидир футболчини алоҳида ажратиб кўрсата оласизми?
- Биз рақибни Чемпионлар Лигаси ва маҳаллий мусобақалардаги баҳслари орқали тўлиқ таҳлил қилдик. "Пахтакор" — тажовузкор, ҳужумкор жамоа. Аммо биз ҳар доимгидек аввало ўз ўйинимизга диққат қаратган ҳолда, рақибнинг кучли томонларини ҳурмат қилган ҳолда ҳаракат қиламиз.
Дарвозабон Бентуга савол
- "Пахтакор" сафидаги қайси футболчини эртага сизнинг дарвозангизга энг кўп хавф солиши мумкин деб ўйлайсиз?
- Уларнинг исмларини талаффуз қилиш биз учун бироз қийин бўлгани сабабли узр сўрайман, аммо "Пахтакор"да маҳоратли ва хавфли футболчилар кўплигини яхши биламан. Эртага барчадан хавф кутиш мумкин.
- Яқинда "France Football" томонидан сўровнома ўтказилиб, Криштиану Роналду B.O.A.T (тарихдаги энг яхши "Олтин тўп") соҳиби деб топилди. Сиз ҳам унга овоз берганмидингиз ва сиз учун тарихдаги энг яхши "Олтин тўп" соҳиби ким?
- Менда овоз бериш имконияти бўлмаган, агар бўлганида, албатта унга овоз берардим. Умуман олганда, бу мукофотни ютиш жуда катта ютуқ ва унга лойиқ кўрилган ҳар бир ўйинчи юксак эътирофга лойиқ. Фаолияти давомида бу совринни бир неча бор ютган футболчи билан битта кийиниш хонасини бўлишаётганимиздан "Ал Насср"даги барчамиз бахтиёрмиз.

- Саудия Арабистонига жаҳон юлдузларининг келиши маҳаллий футболчиларнинг ўсишига қанчалик ижобий таъсир қиляпти? Ёшлар ва олимпия термалари натижаларида пасайиш кузатилаётгандек.
- Саудия Арабистонида фаолият юритаётганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, бироқ тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, лигага тўғри тоифадаги легионерларнинг келиши чемпионат савиясини кўтаради. Улар ўзлари билан фақат ўйин эмас, профессионализм ва янги қарашларни олиб келишади. Бу эса маҳаллий футболчиларга, айниқса ёшларга юқори даражада бўлиш учун нималар кераклигини тушунишга ёрдам беради. Албатта, миллий терма жамоаларнинг натижалари бундан ташқари ҳар бир мамлакатдаги болалар ва ёшлар тизими қандай ишлашига ҳам боғлиқ.
- Сиз бунга қадар Осиёнинг "шарқий" томонида ишлагансиз. Ҳозир эса "ғарбий" томондасиз. Икки минтақа ўртасида қандай фарқ бор экан? Масалан, аввал сиз Австралиядан Япония томонларга узоқ сафар қилган бўлсангиз, ҳозир яқин шарқда Тошкентга сафар қиляпсиз. Риёд билан солиштирганда об-ҳаво анча совуқ…
- Мен Австралия терма жамоасида ишлаган вақтимда Осиёнинг деярли барча бурчакларида, жумладан Қирғизистон ва Тожикистонда бўлганман, Тошкентга ҳам келганман. Саудиялик футболчилар ва клубимиз ходимлари қалин курткалар кийиб юрганини кўришингиз мумкин, аммо мен учун бу ер унчалик совуқ эмас(кулади). Мен Шотландияда ҳам яшаганман, чинакам совуқ у ерда бўлади, шунинг учун Тошкентдаги об-ҳаво футбол ўйнаш учун жуда яхши.




