

Ўйиндан кейин "Республика ФА" бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Яхши, курашларга бой учрашув кечди. Ҳар икки жамоа ғалаба учун максимал ҳаракат қилди. Ўйиндан ўйинга футболчиларимиз ўсиб боряпти. Бу гапни доим такрорлаяпман. Характер ўсяпти, руҳий томондан ва яккакурашларда ривожланяпмиз. Биз хоҳлаган жиҳатлар амалга ошаётганидан хурсандмиз. Бугунги натижани ёмон деб ўйламайман. Агар сўнгги дақиқадаги вазият голга айланганида ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Биз характер кўрсата олдик ва ғалабага яқин эдик.
- Кўп эпизодларда шогирдларингизга майдон четида кўрсатма бериб турдингиз. Ҳар нарсага реакция билдириш футболчилар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинми?
- Эътибор берган бўлсангиз, менинг ҳаракатларимда негатив йўқ, иложи борича ўзимни позитив туаман. Балки қаердадир ҳакамларга ёки бошқа эпизодларда негатив бўлиши мумкин, лекин бу эмоциядан. Аммо жамоамга ва умуман ўйинга ўз фикримни негатив билдирмайман. Мақсадим йигитларни руҳлантириш. Бу ёшда футболчиларнинг руҳияти тез тушиб қолиши мумкин. Яккакурашларда ҳам ютқазсак руҳият тушиб кетади. Мен майдон четида уларга кўмак беришни хоҳлайман. Насиб қилса, ўз ўйинимизни қуриб олсак, хотиржам футбол томоша қиладиган пайт ҳам келади.



