

– Ўйин ҳақидаги фикрингиз қандай?
– Биринчи навбатда, "Андижон" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Биз жисмоний жиҳатдан жуда оғир ўйин бўлишини кутган эдик. Майдонда яккакурашлар, курашлар, қанотлардан тўп узатишлар ва ҳаводан оширилган тўплар жуда кўп бўлди. Рақиб ўйинни биз учун ноқулай бўлган услубга йўналтира олди. Бу борада бироз яхшироқ ўйнай оламиз деб ўйлаган эдим, бироқ ўйин шуни кўрсатдики, ана шундай қанот узатмалари ва иккита стандарт вазиятдан сўнг дарвозамиздан учта гол ўтказиб юбордик.
Биринчи бўлимда гол урганимиздан кейин ўйин суръатини бироз пасайтиришимиз керак эди, деб ўйлайман. Аммо бу вазифани уддалай олмадик ва рақибга, айниқса, қанотларда жуда кўп бўш ҳудуд қолдирдик. Улар жарима майдонимизга тинимсиз тўп узатиб, якунда ҳисобни тенглаштиришди.
Иккинчи бўлим шундай бошландики, биз дарҳол бурчак зарбасидан сўнг гол ўтказиб юбордик. Шундан кейин яна ўйнай бошладик, очиқ футбол намойиш этилди. "Андижон" жамоаси дарҳол ҳимояга чекинди, бироқ шу билан бирга улар учинчи голни уришга ҳам ҳаракат қилишди. Менимча, иккинчи бўлимда қизиқарли ўйин бўлди. Бизда ҳам голли вазиятлар юзага келди, лекин, афсуски, ҳисобни тенглаштира олмадик, қўшимча дақиқаларда эса учинчи голни ўтказиб юбордик.
Энди биз ўтиш ўйинларига тайёргарлик кўришимизга тўғри келади. Ҳа, бу ноқулай ҳолат, бироқ аввал учинчи санада "Қизилқум"га қарши учрашув, сўнгра олтинчи санада биз учун жуда муҳим бўлган ўйин кутиб турибди. Шунга қарамай, мен ҳали ҳам кучимиз етарли эканига, "Бунёдкор" Суперлигада қолишига ва кейинги йилда, Худо хоҳласа, барчаси ўнгланиб, яхшиланишига ишонаман.
– "Бунёдкор" жамоасининг ўтиш турнирида иштирок этиши деярли аниқ бўлди. Агар жамоа муваффақиятсизликка учраб, Пролигага тушиб кетадиган бўлса, мураббийлар штаби "Бунёдкор"да қоладими ёки шартнома бекор қилинадими?
– Мен "Бунёдкор"нинг Суперлигада қолишига ишонаман ва бунга аминман. Шу боис бошқа сценарий ҳақида умуман ўйламаяпман. Кейинги йилда нима бўлишини эса вақт кўрсатади. Ҳозирги асосий вазифамиз – ғалаба қозониш ва жамоани Суперлигада олиб қолишдир.
– Нима учун легионер футболчи Дмитрий Плетнёв майдонга захирадан тушмоқда?
– Унда жароҳат бор эди. У ўйинни илк дақиқалардан бошлашга тўлиқ тайёр эмас эди.



