Рўзиқул Бердиев: "Менимча, Абдувоҳид Неъматов ўз майдонимиздаги сўнгги ўйинини ўтказди"

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2026, 19:46
Суперлига 29-туридан ўрин олган "Насаф" – ОКМК (3:0) ўйинидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикрингиз...
– Бугунги учрашувда, таъбир жоиз бўлса, режалаштирган барча ишларимиз амалга ошди. Ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, рақибга имконият бермадик, ҳужумда юзага келган вазиятларимиздан эса унумли фойдаландик. Айнан шу жиҳатлар ғалабага замин яратди. Беллашув олдидан футболчиларга майдонда интизомлироқ бўлиш ва ҳимояда оқилона ўйин намойиш этиш лозимлигини алоҳида уқтирган эдик. Чунки ОКМК сифатли футбол кўрсатадиган жамоа бўлиб, сафида маҳоратли ҳужумкор ўйинчилар мавжуд. Шу боис ушбу жиҳатларга жиддий эътибор қаратдик ва менимча, йигитлар вазифани муносиб уддалашди.

– Учрашувнинг 72-дақиқасида юз берган вазият – Ғолиб Ғайбуллаевнинг хатти-ҳаракатларига қандай баҳо берасиз? Футболчининг ўзи бу ҳолатни қандай изоҳлади?
– Эҳтимол, у ўша вазиятда ўзини нотўғри тутгандир – мен эпизоддан бироз узоқроқда эдим. Айтишларича, унга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, ҳақоратли сўзлар ишлатилгани боис жаҳли чиққан. Бу биз учун жиддий йўқотиш. Футболда ҳиссиётлар бўлиши табиий – бу борада рақиб жамоани ҳам, ўз футболчиларимизни ҳам тушуниш мумкин. Албатта, ҳиссиётларга берилиб қизил карточка олиш тўғри эмас. Майдонда ҳамиша муросасиз кураш бўлиши лозим, бироқ барчаси меъёр ва чегара доирасида қолиши шарт. Ғолиб қизил карточка олганининг ўзиёқ унинг муайян вазиятда хатога йўл қўйганини кўрсатади.

– Жамоанинг асосий футболчилари – Умар Эшмуродов ҳамда Шароф Муҳитдинов ҳатто захира ўриндиғида ҳам кўринмади. Бунинг сабаби нимада?
– Ҳар икки футболчида жароҳат бор эди, шу боис улар захирада ҳам йўқ – биз таваккал қилишни истамадик. Эҳтимол, кейинги учрашувда ҳам уларни эҳтиёт қилишимизга тўғри келар. Олдинда бизни муҳим халқаро беллашув кутиб турибди. Ўйлайманки, ўша ўйинга қадар ҳар иккаласи тикланиб, жамоага ёрдам бера олади.

– Ғалаба билан табриклайман, жуда ёқимли натижа бўлди. Абдувоҳиднинг учрашувдан сўнгги ҳаяжони ва ҳолатидан унинг жамоани тарк этиши аниқ бўлдими, деган таассурот уйғонди. Бу борада нима дея оласиз?
– Менимча, шундай бўлса керак. Очиғини айтсам, унинг ўзи билан суҳбатлашдим. Ҳозирда бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда. Назаримда, бу баҳс унинг "Насаф" марказий ўйингоҳидаги сўнгги учрашуви бўлди. Эҳтимол, келажакда яна қайтиб келиб тўп сурар, аммо ҳозир у шундай қарорга келса, буни тўғри тушуниб, унга омад тилаб қолишимиз лозим. Чунки Абдувоҳид жамоамиз учун жуда кўп меҳнат қилди. Агар ушбу қарор амалга ошса, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз. Тўғриси, менга ҳам худди шундай – марказий ўйингоҳимизда охирги ўйинини ўтказгандек туюлди.

– Демак, сизда ҳали аниқ маълумот йўқми?
– Ҳозирча аниқ бир гап айта олмайман. У билан гаплашганимда вариантларни кўриб чиқаётганини айтди. Табиийки, у ўзи учун энг маъқул таклифни танлашни хоҳлайди.

– Унга бўлаётган таклифларнинг барчаси хориж клублари билан боғлиқми?
– Хориждан ҳам таклифлар мавжуд. Ўзининг айтишича, Нидерландия Суперлигасидан таклиф берилган. Бундан ташқари, менимча, Эрон жамоасидан ҳамда ўзимизнинг гигант жамоаларимиздан таклифлар бўлмоқда. Якуний танлов унинг ўз қарорига боғлиқ бўлади.

– "Насаф" таркибидаги легионерларни кейинги мавсумда ҳам жамоа сафида кўрамизми?
– Хабарингиз бор, жамоамизда легионерлар кўп эмас. Аввал ҳам таъкидлаганимдек, клуб Шалани таркибда олиб қолишдан манфаатдор. Бошқалари хусусида эса ҳозирча бир нарса дея олмайман – барчасини вақт кўрсатади.

– "Ал-Ваҳда"га қарши муҳим учрашувга оз вақт қолди. Жамоанинг кейинги босқичга чиқишига ва ижобий натижа қайд этишига қанчалик ишоняпсиз?
– Жамоада ўзига бўлган ишонч бор. Эсласангиз, иккита мағлубиятдан сўнг барчада "Насаф" кейинги босқичга чиқа олмайди, деган ишончсизлик пайдо бўлган эди. Бироқ жамоамиз ўзида куч топа олди ва тушкунликка тушмади. Шу боис ушбу ўйинда ҳам ўрнимизни мустаҳкамлаш учун ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Мени ўйлантираётган ягона жиҳат – йўқотишлар бўлмаслиги. Агар тўлиқ таркиб билан ўйнай олсак, ушбу учрашувда ғалаба қозонишга қодирмиз, деб ўйлайман.

– Юқорида Шароф Муҳиддинов ва бошқа футболчиларнинг жароҳати ҳақида айтиб ўтдингиз. Улар "Ал-Ваҳда"га қарши баҳсгача тикланиб улгурадими?
– Айни пайтда шу ҳақда ўйлаяпмиз. Шу боис бугунги баҳсда бўлгани каби, эҳтимол, 3-санада ўтказиладиган учрашувга ҳам уларни имкон қадар жалб қилмаймиз. Чунки олдиндаги ушбу беллашув биз учун муҳимроқ.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›